Жамоат жойларида юзини тўсган ҳолда бўлганлик учун жавобгарлик белгиланди

Жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлиш 4 млн 950 минг сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда жамоат жойларида юзини тўсган ҳолда бўлганлик учун жавобгарлик белгиланди. Президент 31 октябрь куни имзолаган қонун билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришга кўра, жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлиш БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 4 млн 950 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Тиббий кўрсатмага асосан ёки йўл-транспорт ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш учун кийиладиган махсус бош кийимда ёхуд меҳнат ва хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолларда юзини тўсган ҳолда бўлиш ёки спорт ва маданий тадбирларни ўтказиш вақтида ушбу тадбирлар иштирокчиларининг юзини тўсган ҳолда бўлиши, шунингдек қонунчиликда тўғридан-тўғри рухсат этилган бошқа ҳолатларда юзини тўсган ҳолда бўлиш бундан мустасно.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жамоат жойларида юзини тўсган ҳолда бўлганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши мумкинлиги хабар қилинган эди. Депутатлар бу жамоат тартибини сақлаш бўйича кўрилаётган саъй-ҳаракатларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлашган эди.