ТОШКЕНТ, 31 окт — Sputnik. Ўзбекистонда 1 ноябрдан бир қатор ўзгариш ва янгиликлар кучга киради.
Ўзбекистонда автомобилга рақам сотиб олиш нархи қимматлашади
Рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини беришда ундириладиган тўловлар ставкаларига ўзгартириш киритилди. Ҳужжат билан давлат рақами белгилари ва қатъий ҳисобдаги бланкаларни беришда, автомототранспорт воситалари, уларнинг тиркамаларини рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш, мажбурий техник кўрикдан ўтказиш, шунингдек имтиҳонларни олишда ундириладиган тўловлар ставкаларига ўзгарди.
2023 йил 1 ноябрдан тўлов ставкалари қуйидаги миқдорда белгиланди:
Автотранспорт воситаларига рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари (РЎДРБ) учун – БҲМнинг 3,5 баравари (1 155 000сўм) миқдорида;
Мототранспорт воситалари, мотороллерлар ва тиркамаларга РЎДРБ учун – БҲМнинг 1,75 баравари (577 500 сўм) миқдорида;
Транзит РЎДРБ учун – БҲМнинг 25 фоизи (82 500 сўм) миқдорида;
Яроқсиз ҳолга келган, бузилган ёки шикастланган бир жуфт РЎДРБ ўрнига янги РЎДРБ бериш учун – БҲМнинг 3,5 баравари (1 155 000 сўм) миқдорида;
Яроқсиз ҳолга келган, бузилган ёки шикастланган бир дона РЎДРБ ўрнига янги РЎДРБ бериш учун – БҲМнинг 1,75 баравари (577 500 сўм) миқдорида.
Шунингдек:
йўқотилган бир дона ёки бир жуфт РЎДРБ ўрнига янги бир жуфт РЎДРБ бериш учун БҲМнинг 3,5 баравари (1 млн 155 минг сўм) миқдорида ундирилади;
йўқотилган бир дона РЎДРБ (мототранспорт воситалари, мотороллерлар ва тиркамалар (ярим тиркамалар) учун) ўрнига янги бир дона РЎДРБ бериш учун БҲМнинг 1,75 баравари (577,5 минг сўм) миқдорида ундирилади;
РЎДРБни 12 ой муддатдан сўнг яна бир йил муддатга сақлаганлик учун БҲМнинг 1 баравари (330 минг сўм) миқдорида ундирилади.
“Охирги миля” тамойили асосида ҳамкорлик дастури амалга оширилади
Президентнинг ПҚ-308 сонли қарорига кўра, "Рақамли Ўзбекистон — 2030" стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "Электрон ҳукумат тадқиқоти" ҳисоботида Ўзбекистоннинг рейтингини яхшилаш йўналишидаги ишларни ташкил этади ва мувофиқлаштиради.
Ҳужжатга кўра, “Охирги миля” тамойили асосида тадбиркорлар билан ҳамкорликда аҳоли хонадонларига кенг полосали интернет тармоқларини олиб боришга қаратилган ҳамкорлик дастури амалга оширилади.
“Ўзбекистон — 2030” стратегияси
Президентнинг ПҚ-300 снонли қарорига кўра, "Ўзбекистон — 2030" стратегиясининг ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратилади.
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналиши доирасида:
ижобий экологик экспертиза хулосасини олмаган объектларга нисбатан молиялаштириш, кредитлаш ва бошқа молия операцияларини тўхтатиб туриш механизми жорий этилади;
экологик ҳуқуқбузарлик содир этганларга нисбатан зарарни қоплаш билан бир қаторда, зарар етказилган табиат объектини тиклаш ва унинг муайян муддат давомида муҳофаза қилинишини таъминлаш мажбурияти юкланади.
Оғир ҳаётий вазиятга тушган шахслар учун психологик ёрдам кўрсатилади
Вазирлар Маҳкамасининг 539-сонли қарорига кўра, "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари ва ижтимоий ходимлар кўрсатадиган ижтимоий хизматлар ва ёрдамларнинг янги тизими йўлга қўйилди.
Ҳужжатга кўра, 1 ноябрдан ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар эксперимент тариқасида йўлга қўйиладиган туман (шаҳар)ларда “Инсон” ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказларида оғир ҳаётий вазиятга тушган шахслар учун психологик ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилади.
Туристик ташкилотлар айрим давлат божидан озод этилади
Вазирлар Маҳкамасининг 345-сонли қарорига кўра, "Умра" тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни кўрсатувчи туристик фаолиятни амалга ошириш лицензияси мавжуд ташкилотларга нисбатан қуйидаги қўшимча лицензия талаб ва шартлари қўлланилади.
камида 100 минг доллар эквивалентидаги маблағларни Хавфсиз туризм жамғармасига захирага қўйиш;
зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассисларини тайинлаш;
туроператор штатида диний (исломий) мутахассиснинг бўлиши;
хизматларни вояга етмаган фуқароларга кўрсатмаслик;
хизматларини Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот орқали амалга ошириш.
Бунда улардан лицензияни қайта расмийлаштиришда аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим ва лицензия учун давлат божи ундирилмайди.
Шаҳарсозлик соҳасида ўқув машғулотлари ташкил этилади
Президентнинг ПҚ-299 сонли қарорига кўра, маҳаллий ҳокимликлар ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарларининг шаҳарсозлик соҳасидаги билимларини оширишга қаратилган ўқув машғулотлари ташкил этилади.
Машғулотлар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Компетенцияни ривожлантириш институти, Тошкент архитектура-қурилиш университети ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида ташкил этилади.
Ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширилади
Вазирлар Маҳкамасининг 332-сонли қарори билан, ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ёнғин хавфсизлиги соҳасида давлат назорати такомиллаштирилади.
Унга кўра, давлат ёнғин назорати органларининг ижобий хулосасини олмасдан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини аукционга чиқариш, қурилиш объектлари лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш ҳамда қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектлардан фойдаланиш учун рухсатнома бериш тақиқланади.
Бунда:
давлат ёнғин назорати органлари томонидан хулоса бериш муддати етти кун этиб белгиланади;
давлат ёнғин назорати органларига лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш учун мазкур ҳужжатларнинг барча қисмлари тақдим этилади;
Шунингдек, давлат ёнғин назорати органлари қурилиш объектларида қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш жараёнида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилади. Аҳоли гавжум бўладиган объектларда қонунчиликка мувофиқ ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан мажбурий тартибда идоравий ёнғин назорати ўрнатилади.