ТОШКЕНТ, 30 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти администрациясида янги лавозим тайинловлари амалга оширилди.
Жобир Азимов Ўзбекистон президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди.
Азимов муқаддам Самарқанд вилояти прокурори ўринбосари ва Тошкент шаҳар Учтепа тумани прокурори лавозимларида фаолият кўрсатган. Сўнгги вақтларда Бош прокуратура бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Асилбек Худоёров президент администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.
Худоёров ўз вақтида соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари бўлган. Бундан ташқари, президент администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармаси раҳбари сифатида ишлаган.
Шунингдек, Гаянэ Умерова Ўзбекистон президенти администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари ўринбосари лавозимида иш бошлади.
Умерова Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ижрочи директори, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси бош котиби, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси лавозимларида ишлаган.