ТОШКЕНТ, 30 окт — Sputnik. Навоий вилоятида қушлар ва ҳайвонлар сони ортгани аниқланди, дея хабар берди Экология қўмитаси.
Навоий вилояти Томди тумани олис чўл ҳудудидаги “Оқтоғ-Томди” давлат қўриқхонасида олиб борилган муҳофаза чоралари туфайли ҳайвонлар сони аста-секин кўпайиб бормоқда.
“Қўриқхона ходимлари томонидан жорий йилда ўтказилган саноқ давомида жайронлар сони ортганлиги аниқланган”, — дейилади хабарда.
Қўриқхонада сут эмизувчилар ўтган йилга нисбатан 11 турдан 13 турга, қушлар эса 19 турдан 20 турга кўпайган.
Шунингдек, 7 турдаги судралиб юрувчилар яшайди. Шулардан 14 турдаги ҳайвонлар ва 11 турдаги ўсимликлар Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.