Мақсуд Шайхзода — биография

Мақсуд Шайхзода – маърифатпарвар шоир, драматург, адабиётшунос ва забардаст таржимон.
Sputnik

Таржимаи ҳоли

Мақсуд Шайхзода 1908 йил 7 ноябрида Озарбайжоннинг Оқтош шаҳрида зиёли оилада таваллуд топди. Унинг отаси Маъсумбек ўз замонасининг тараққийпарвар кишиларидан бири бўлиб шифокорлик касбидан ташқари, санъат, адабиёт, тарих ва фалсафа илмлари билан қизиқарди. Уларнинг оиласида шаҳарнинг энг зиёли кишилари йиғилиб, мунозара ва мубоҳаса қилишарди. Бу адабий муҳит учун Пушкин ва Лермонтов, Шекспир ва Бальзак, Фирдавсий ва Хайём, Низомий ва Навоий асарлари бегона эмас эди. Шундай оилада тарбия топаётган бўлажак шоир бошланғич ва ўрта маълумотни Оқтошда олгач, Боку Олий педагогика институтида сиртдан ўқиди.
Мақсуд Шайхзода

Фаолияти

У 1925 йилдан бошлаб Озарбайжон Маориф халқ комиссарлиги йўлланмаси билан Доғистоннинг Дарбанд шаҳрида муаллимлик билан шуғулланди. Шайхзода Доғистонда кечган қисқа ҳаёти давомида ҳам муаллим, ҳам шоир, ҳам журналист, ҳам танқидчи сифатида намоён бўлди. Шайхзода 1928 йилда Тошкентга келиб, турли газета ва журналлар муҳарририятларида, 1935-1938 йилларда эса Фанлар Қўмитаси қошидаги Тил ва адабиёт институтида илмий ходим, 1938 йилдан то умрининг сўнгига қадар Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтининг “Ўзбек мумтоз адабиёти” кафедрасида доцент вазифасида хизмат қилиб, малакали кадрлар етиштирди.
Шайхзода 1967 йил 19 февраль вафот этди. У Тошкентнинг Фаробий қабристонида дафн этилган. Озарбайжон тупроғида туғилган фалакнинг гардиши билан ўзбек тупроғига келиб қолиб, завқ –шавқ билан ижод қилган, замонавий ўзбек адабий тили ва адабиётига салмоқли ҳисса қўшган бу улуғ инсоннинг муборак номи ҳеч қачон халқ номидан ўчмайди. Зеро унинг ўз ёзганидек:
Умрлар бўладики,
Тирик одам ўликдир,
Умрлар бўладики,
Ўлган одам тирикдир.
Мақсуд Шайхзода

Ижодий йўли

Шоирнинг адабий фаолияти 1929 йилдан бошланиб, Ўн шеър” (1932), “Ундошларим” (1933), “Учинчи китоб” (1934), “Жумҳурият” (1935) тўпламларининг нашр этилиши адабиётга ўзига хос овозли шоир кириб келаётганидан дарак берди.
Унинг “Кураш нечун”, “Жанг ва қўшиқ”, “Капитан Гастелло”, “Кўнгил дейдики...” шеърий тўпламлари, “Жалолиддин Мангуберди” тарихий драмаси каби асарлари уруш йилларида ёзилган бўлиб, жангчиларнинг қахрамонлиги, ватанга муҳаббати, фронт ортидаги инсонларнинг садоқатли меҳнати тасвирланган.
“Ўн беш йилнинг дафтари”, “Олқишларим”, “Замон торлари”, “Шуъла”, “Чорак аср девони” каби шеърий тўпламларида, урушдан кейинги йилларда қатағон бўлган шоир, тотувлик учун кураш, Ватанга фидокорликни куйлади.
1958 йили адибнинг “Тошкентнома” лирик достони яратилди. Ушбу достон қадимий ва айни чоғда замонавий Тошкент шаҳрига бағишланган. Шайхзода нафақат лирик шоир, балки, истеъдодли драматург ҳамдир. 1960 йилда ёзган “Мирзо Улуғбек” трагедиясида буюк ўзбек олими, мунажжими ва маърифатпарвар ҳукмдори образини яратди.
Мақсуд Шайхзода
Шайхзода Пушкиннинг “Мис чавандоз”, Лермонтовнинг “Кавказ асири”, Маяковскийнинг “Жуда соз” достонлари ва кўплаб шеърларини, Шекспирнинг “Ҳамлет”, “Ромео ва Жульетта” трагедиялари ва сонетларини, Нозим Хикматнинг шеърларини, озарбайжон шоирлари асарларини ва ўзбек тилига ўгирди.
Шайхзоданинг ўзбек адабиёти тарихи, ўзбек халқ оғзаки ижодиёти, хусусан, Алишер Навоий ижодини тадқиқ этиш борасида яратган илмий ишлари ҳам таҳсинга сазовордир. У филология фанлари номзоди, доцент ҳам эди. Шайхзода асарлари дунёнинг бир неча тилларига пухта ўгирилган.