Грузиядан Самарқандга авиақатновлар йўлга қўйилади

Грузия Қора денгиз соҳилларида ўзбек тадбиркорлари иштирокида порт ва терминаллар қурилишида барча шароитларни яратишга тайёр.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 окт — Sputnik. Грузиядан Самарқандга авиақатновлар йўлга қўйилади, дея хабар берди Транспорт вазирлиги.
Транспорт вазири Илхом Махкамов Грузияга ташрифи давомида мамлакат Бош вазири ўринбосари-иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири Леван Давиташвили билан учрашди. Томонлар Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги мунтазам авиақатновлар сонини ошириш, янги йўналишларда парвозларни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашди.
"Махкамов хориж томонининг Грузиядан Самарқандга авиақатновларни ташкил этиш бўйича билдирган таклифини қўллаб-қувватлади", — дейилади хабарда.
Музокаралар давомида Давиташвили Грузиянинг Қора денгиз соҳилларида ўзбек тадбиркорлари иштирокида порт ва терминаллар қурилишида барча шароитларни яратишга ва мавжуд портлардан самарали фойдаланишда амалий ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.
Шунингдек, томонлар халқаро ташувларни амалга оширишда рухсатнома бланкаларини айирбошлаш ҳажмини оширишга келишди.