ТОШКЕНТ, 29 окт — Sputnik. Ботулизм хасталигининг яширин даври 2-4 соатдан 14 кунгача давом этиши мумкин.
Ботулизм — озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланишлар ичида энг оғир кечадиган хасталиклардан бири. Айниқса, уй шароитида тайёрланган қўлбола консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш туфайли аҳоли орасида ундан зарарланиш кўп учрайди.
Хўш, ушбу касаллик нимаси билан хавфли? Унинг олдини олиш учун қандай қоидаларга амал қилиш лозим? Мазкур саволларга Санитария-эпидемиология қўмитаси бўлим бошлиғи Анвар Шукуров жавоб берди.
"Сўнгги йилларда мамлакатда рўйхатга олинаётган ботулизм касаллиги уй шароитида, санитария қоида ва меъёрларига риоя қилинмасдан тайёрланган сабзавотли, асосан, бодринг, помидор, бақлажон ва қўзиқорин консерваларини истеъмол қилиш натижасида келиб чиқмоқда", — дейди мутахассис.
Бунга сабаб уй шароитида етарли босимда термик ишлов бериш имконияти мавжуд эмаслигидир. Натижада эса ботулизм қўзғатувчи споралар сақланиб қолади ва улар анаэроб, яъни кислородсиз муҳитда ривожланиб, ўта кучли — ботулинотоксин заҳрини ҳосил қилади.
Ботулизм қўзғатувчилари ташқи муҳитга ўта чидамли бўлиб, 100°С даражада 6 соат, 120°С да эса 10 дақиқагача тирик бўлади.
Ўзида бундай зарарли моддани сақловчи консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида турли салбий оқибатлар, ҳатто, ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаганда ўлимга олиб келувчи энг оғир турдаги заҳарланиш — ботулизм касаллиги келиб чиқади.
Хасталикнинг яширин даври 2-4 соатдан 14 кунгача давом этиши мумкин. Ботулизм микробининг токсини асосан марказий асаб тизимига таъсир этади ва организмда турли ўзгаришларга олиб келади.
Бу ҳолатда кўпинча нафас олиш қийинлашиши, оғиз-томоқнинг қуриши, жисмлар кўзга иккита бўлиб кўриниши (диплопия), кўз қовоқлари осилиб қолиши (птоз), ютиниш қийинлашиши ҳамда умумий ҳолсизланиш, кўнгил айниши ва қусиш (кўпинча такрорланади), қорин соҳасидаги оғриқ каби белгилар намоён бўлади.
Беморнинг сўзлари тушунарсиз бўлиб қолади, бўйин ва оёқ мушакларининг заифлашиши натижасида юришга қийналади.
Агар бу ҳолатда хаста инсонга зудлик билан тез тиббий ёрдам кўрсатилмаса ва зарур даво муолажалари ўтказилмаса, унинг нафақат соғлиғи, балки ҳаёти ҳам хавф остида қолиши мумкин.
Шу сабабли ботулизмнинг олдини олишда қуйидагиларга амал қилиш лозим:
уй шароитида консерваларни тайёрламаслик;
бозор ва аҳоли гавжум жойларда фуқаролар томонидан сотилаётган, номаълум шароитда тайёрланган, сифати кафолатланмаган консерваларни харид қилмаслик;
банка қопқоғи кўтарилган (бомбаж), шунингдек рангида ўзгариш бўлган консерваларни истеъмол қилмаслик;
озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш шароитларига эътибор бериш, савдо дўконларидан консерваларни харид қилишда унинг муддати, идишларнинг бутунлиги, қопқоқлари шишмаганлиги ва хавфсизлигини кафолатловчи хужжатларига эътибор бериш;
таом тайёрлашда тозаликка ва шахсий гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этиш.