Завқий — биография

Завқий – лирик, ҳажвий ва ижтимоий сатирик асарлари билан танилган ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан бири.
Sputnik
Таржимаи ҳоли
У 1853 йилда Қўқонда косиб-маҳсидўз оиласида туғилган. Шоирнинг исми-шарифи Убайдулла уста Солиҳ ўғли бўлиб, “Завқий” адабий тахаллусидир. Илк хат-саводини эски мактабда чиқариб, тоғаси Муҳаммад Сиддиқнинг ёрдами билан мадрасага ўқишга киради. Мадрасада ўқиш билан биргаликда косиблик қилиб оиласига қарашади. Унинг “Мадрасаи олия”даги ҳужраси пештоқига Муқимий дастхати билан:
Бу –Убайдуллоҳнинг кошонаси,
Уста Солиҳ ўғли дўконхонаси!
Эй, биродари аҳли тамиз,
Эски маҳсию кавуш тикамиз,
деб ёзиб қўйилганини нақл қиладилар.
Завқий 1880 йилларда Қўқон пойабзал растаси пудратчиси Мўминшоҳ маҳкамасига иш юритувчиси сифатида ишга киради. Шу йиллар давомида бошига оғир мусибатлар тушади, отаси, сўнгра икки укаси оламдан ўтади. Турмуш ўртоғи касалланиб, икки кўзи ожиз бўлиб қолади. Шу кўргуликлардан сўнг шоир 1900 йилда ҳаж сафарига отланади. Уч йил Кавказ, Кичик Осиё, Миср ва Арабистонга саёҳат қилиб, у ерлардан турли таассуротлар, янги фикр-қарашлар билан Қўқонга қайтади.
Завқий 1921 йилда Қўқонда вафот этган.
Ижоди ва фаолияти
Табиатан ҳозиржавоб, мутойибага ўчлик шоир ижодида ҳажв жанрининг кучайишига олиб келади. Ва бу унинг бошига катта ташвишлар келтиради. Масалан, 1905-1906 йилларда ёзилган 47 байтлик “Аҳли раста ҳажви” шеърида 46 киши номма-ном тилга олиниб, уларнинг ҳар бирининг феъл-атвори кескин сатрларда тасвирланади. Бу ҳам етмаганидек, уни катта қоғозга кўчиртириб, Қўқоннинг энг гавжум сайилгоҳига-Мўймарак (Мўйи муборак)даги баланд бир теракка осиб қўйишади. Қўқонда катта шов-шув кўтарилади. Раста аҳли шоирни тутиб, роса калтаклайдилар. Устидан “гарониш” (шаҳар ҳокими) ва уезд ҳокимига арз қиладилар. Ҳоким Завқийни қаттиқ тергаб, Сибирга сургун қилишини айтиб дағдаға қилади. Бу эса орадан кўп ўтмай шоирнинг шу можарога бағишланган “Таладинг баринг!” шеърининг ёзилишига сабаб бўлади.
Завқий Биринчи Жаҳон уруши йилларида давр фожиаларини акс эттирувчи “Қаҳатлик”, “Каждор замона” ва келажак орзулари билан тўлиб-тошган “Ажаб эрмас” шеърларини ёзади:
Ғаддор фалак ситам нишона
Каждор, мариз, эй замона!
Яхши ҳама даҳр аро нигунсор,
Ҳар ерда ривождур ёмона.
Завқий 1918-1921 йилларда Қўқон пойабзал растасининг оқсоқоли, очарчиликка қарши кураш ҳайъати аъзоси бўлиб ишлайди.
Завқий лирик шоир сифатида “Келмаса келмасун нетай”, “Офарин”, “Кўзинг”, “Айлаб келинг”, “Мен кимга дей” каби гўзал ғазалларни яратган. Унинг, айниқса, “Юзингни кўрсатиб аввал, ўзингга бандалар қилдинг” мисраси билан бошланадиган мухаммаси мумтоз қўшиқчилигимизнинг олтин фондидан жой олган бўлиб, хонандаларимизнинг доимий репертуарлари қаторида янграб келади.
Завқий ҳажвияларида шунчаки жамиятнинг икир-чикир, феъл-табиат танқидидан адолатсизлик асосига қурилган негизини фош этишгача кўтарилди. “Замона кимники?”, “Мунча кўп” шеърлари бунинг далили. “Воқеаи қози сайлов”, “Қаҳатлик” асарлари маснавий йўлида ёзилган ихчам достонлардир. Иккиси ҳам тарихий воқеа асосида ёзилган. Биринчисида 1910 йилда Қўқоннинг Хўжанд даҳаси қозилилига сайлов жараёнида рўй берган қаллоблик, порахўрлик фош этилган бўлса, иккинчиси 1916 йилги очарчиликнинг машъум манзараларини очиб берувчи асардир.
Завқийнинг Муқимий билан мушоира йўсинида ёзилган ҳазил-мутойибалари ва шеърий мактублари ҳам адабиётимизнинг дурдона асарлари ҳисобланади.
Ўзбекистонда китобхонларни Завқий ижоди билан кенг таништириш мақсадида 1958-1960 йилларда 50 га яқин шеърлари жамланган “Танланган асарлар” номли китоби нашр этилди. 2003 йилда эса шоир авлодлари ҳомийлигида тўлдирилган “Ажаб замона”китоби чоп этилган.