ТОШКЕНТ, 28 окт — Sputnik. Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган “Хитой Маданияти кунлари” доирасида бугун, 28 октябрь куни маданият вазири Озодбек Назарбеков Хитой маданият ва туризм вазири Ху Хепин билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Мулоқот давомида ХХРда 2024 йилнинг апрель-май ойларида “Ўзбекистон маданияти кунлари”ни ўтказиш, соҳада фаолият юритувчи таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш каби таклифлар илгари сурилди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон – Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш доирасида, маданий-гуманитар соҳада ҳамкорлик қилиш бўйича қуйи қўмита мажлисини ўтказиш зарурати туғилган. Шу муносабат билан мазкур тадбирнинг ташкилий масалалари ва ўтказилиш жойи, унинг протокол лойиҳаларини олиш, Хитой томони билан ҳамкорликда “Маданий туризм йўли” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан билдирилган таклифлар юзасидан фикр- мулоҳазалар алмашилди.
Хитой томонидан ижодий жамоалар ўртасида малака ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, ҳар икки давлатда маданият марказларини очиш таклифи билдирилди.
Шунингдек, ҳамкорликда миллий чолғу асбобларини ишлаб чиқарувчи корхона фаолиятини йўлга қўйиш ва “Фарҳод ва ширин” достони асосида бадиий лойиҳа яратиш каби таклифлар Хитой томонидан мамнуният билан қабул қилинди.