ТОШКЕНТ, 28 окт — Sputnik. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жойлашган савдо мажмуасида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Бугун, 28 октябрь куни соат 06:58 да Шайхонтоҳур тумани “Бўстон” МФЙ, Беруний кўчасида жойлашган “Ecobozor” мажмуасида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида шаҳар ФВБга хабар тушган.
Шунга кўра, 5 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 07:04 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 07:19 да ўраб олинган ва соат 07:26 да ўчирилган.
Ёнғин натижасида савдо мажмуасининг 80 кв.м ташқи девор қопламаси қисми ва шу жойдаги кафенинг 70 кв.м майдонида ички ва том қисми ёниб зарарланган. Қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида савдо мажмуасининг 7000 кв.м майдони ёнғиндан сақлаб қолинган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.