ТОШКЕНТ, 28 окт — Sputnik. БМТ Бош Ассамблеяси араб давлатларининг Фаластин-Исроил можаро зонасида зудлик билан сулҳ тузишга чақирувчи резолюциясини қабул қилди, деб хабар берди РИА Новости мухбири.
Ташаббусни қўллаб 120 та давлат овоз берди, 14 давлат қарши чиқди. 45 вакил бетараф қолди.
Исроил, АҚШ, Австрия, Хорватия, Чехия, Гватемала, Венгрия, Маршалл ороллари, Микронезия, Папуа-Янги Гвинея, Парагвай, Тонга ва Фижи ташаббусга қарши чиқди.
Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан, Бош Ассамблея қарорини шарҳлар экан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “энди қонунийлик ва аҳамияти қолмаган”лигини айтди.
“Ушбу ташкилот ваҳшийликларнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилган. Биз кўрган спектакл, афсуски, БМТ ваҳшийликларнинг олдини олишга эмас, балки бундан кейин ҳам таъминлашга бел боғлаганини исботлайди”, - деди у.
ҲАМАС БМТ Бош Ассамблеяси қарорини қўллаб-қувватлади.
“Биз БМТ Бош Ассамблеясининг Ғазо секторида халқимизга қарши тажовузни тўхтатишга олиб келадиган зудлик билан, доимий ва давомий гуманитар сулҳ тузишга чақирувчи резолюциясини олқишлаймиз”, - дейилади баёнотда.
Муаллифлар Иордания ва 40 дан ортиқ бошқа мамлакатлар бўлди. Ҳужжат жанговар ҳаракатларни тўхтатишга олиб келадиган зудлик билан ишончли, барқарор гуманитар сулҳ тузишга, шунингдек, “ноқонуний асирга олинган тинч аҳолини зудлик билан, сўзсиз озод қилишга” чақиради.
Бундан ташқари, резолюция барча томонлардан инсонпарварлик қонунчилиги, хусусан, фуқаролар ва фуқаролик объектларини ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятларга риоя қилишни талаб қилади. Ғазо секторига зарур товарлар ва хизматларни зудлик билан, барқарор ва тўсиқсиз етказиб беришга чақиради.
Резолюцияда, шунингдек, халқаро ҳуқуқ ва БМТнинг тегишли резолюцияларига мувофиқ фаластинлик тинч аҳолининг ҳимоясини таъминлаш механизмини яратиш зарурлиги ҳақида ҳам сўз боради.