ТОШКЕНТ, 27 окт — Sputnik. Ўзбекистонда 2024 йилнинг 1 июлидан хусусий кадастр муҳандислари фаолияти жорий этилади. Бу ҳақида жума куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб ўтган ер ресурсларидан фойдаланишга бағишланган йиғилишда маълум бўлди.
Мажлисда маълум қилинишига кўра, бугунги кунда кадастр тизимида иш жуда кўп ва уларнинг аксарияти йиғма жилд тайёрлаш билан билан боғлиқ. Соҳадаги ходимларнинг 25% шу иш билан банд.
Ушбу муаммони ҳал қилиш мақсадида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида тажриба тариқасида хусусий кадастр муҳандиси институти жорий этилди ҳамда 165 та хусусий кадастр муҳандиси фаолияти йўлга қўйилди.
Бундан буён фуқароларда давлат ёки хусусий кадастр мухандисига мурожаат қилиш имкони пайдо бўлади.
"Одамлар истаса хусусий секторга, истаса давлат идорасига мурожаат қилиши мумкин бўлади. Бунинг учун кўчмас мулклар янги “УЗКАД” ахборот тизимига ўтказилади, 2024 йил 1 июлдан республиканинг барча ҳудудларида хусусий кадастр муҳандислари фаолияти йўлга қўйилади", - дейилади хабарда.
Соҳадаиги муаммолар
Ер ресурслари соҳасида 146 минг километр ички йўллар ва атрофидаги ерларнинг ҳужжати йўқ. Шунингдек, 827 минг гектар сув фонди ерларидан фақат 380 минг гектарининг кадастр ҳужжатлари бор.
Ҳисоб-китобларга кўра, республикада 2,4 миллионта хонадоннинг эгалик ҳужжати йўқ. Уларнинг қадастр ҳужжати қилинса, одамларга ҳуқуқий, иқтисодий замин бўлади. Шу боис ҳужжатсиз уй-жойларга эгалик ҳуқуқини бериш бўйича қонун лойиҳасини якунига етказиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, аҳоли узоқ йиллардан буён уй-жой сифатида фойдаланиб келаётган, лекин ҳужжатда қишлоқ хўжалиги ерлари бўлиб қолаётган 817 минг гектар ерни хатловдан ўтказиб, ер тоифасини ўзгартириш таклифи билдирилди.
Ерларнинг электрон харитаси яратилди
Мажлисда шунингдек, ер ҳисоби ва кадастр хизматлари соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар санаб ўтилди. Хусуаан, топографик ўлчовлар учун Кадастр агентлиги махсус самолёт ва аэрофотокамера, 112 та дрон билан таъминланди. Соҳани рақамлаштириш учун 6 та ахборот тизими ва маълумотлар маркази ишга туширилди.
Ўтган 3 йилда 96 фоиз ерларнинг электрон харитаси яратилди. 40 миллион гектар ер рўйхатга олиниб, солиқ тизими билан боғланди.