ТОШКЕНТ, 27 окт — Sputnik. Эртага, 28 октябрь куни, Ўзбекистон тарихи давлат музейида “Ўзбекистон ва Хитой табиат дурдоналари” Ўзбекистон-Хитой маданий алмашинуви кўргазмаси очилади. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Кўргазма “Бир макон – бир йўл” ташаббусининг 10 йиллигига бағишланган.
Тадбирда республика вазирлик ва идоралари вакиллари, маданият ва санъат намояндалари, тадбиркорлар, санъат арбоблари, Хитой ва Ўзбекистон санъат коллежлари ва олий ўқув юртлари ўқитувчилари ва талабалари, оммавий ахборот воситалари ва бошқалар иштирок этади.
Кўргазмада ўзбек ва хитой рассомларининг Ўзбекистоннинг энг ноёб диққатга сазовор жойлари, табиат ҳодисалари ва ҳайвонот дунёсини акс эттирган 40 дан ортиқ картиналари намойиш этилади.
Тарих музейидаги 2 кунлик кўргазмадан сўнг расмларнинг бир қисми тақдимот учун "Ипак йўли" туризм ва маданий мерос халқаро университетига юборилади ва у ерда университет фондига ўтказилади.