ТОШКЕНТ, 27 окт — Sputnik. Жорий йилнинг 3-5 ноябрь кунлари “Ер усти ҳалқа йўли” йўналишининг Толариқ (10-бекат), Хонобод (11-бекат) ва Қурувчилар (12-бекат) бекатларида поездлар ҳаракати тўхтатилади. Бу ҳақда “Тошкент метрополитени” ДУК матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Тошкент метрополитени “Ер усти ҳалқа йўли” йўналишининг II босқичидаги Қурувчилар даҳасидан Сергели мавзесигача бўлган Турон (13-бекат) ва Қипчоқ (14-бекат) метро бекатларида қурилиш ишларининг сўнгги босқичи амалга оширилмоқда.
“Шу муносабат билан ушбу янги бекатларни йўналишдаги мавжуд бекатлар билан техник жиҳатдан ўзаро боғлаш мақсадида, жорий йилнинг 3-5 ноябрь кунлари, 3 кун муддатга “Ер усти ҳалқа йўли” йўналишининг Толариқ (10-бекат), Хонобод (11-бекат) ва Қурувчилар (12-бекат) бекатларида поездлар ҳаракати тўхтатилади”, - дейилади хабарда.
Бу кунларда “Ер усти ҳалқа йўли” йўналишида поездлар ҳаракати “Технопарк” (Дўстлик-2) — “Қиёт” (9-бекат) бекатлари оралиғида ташкил этилади.
Шунингдек, йўловчиларга ноқулайлик ҳосил қилмаслик мақсадида, “Қиёт” (9-бекат) - “Қурувчилар” (12-бекат) бекатлари оралиғида бепул хизмат кўрсатувчи қўшимча автобуслар ҳаракати йўлга қўйилади.