Параосиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси яна қатор медаллар қўлга киритди

Параосиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси яна бир қатор медаллар қўлга киритди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 окт — Sputnik. Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтаётган IV Параосиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси яна бир қатор медаллар қўлга киритди.
Пара-пауэрлифтинг
Аёллар ўртасида -67 кг вазн тоифасидаги баҳсларда иштирок этган Қудратой Тошпўлатова 116 кг натижа билан кумуш медалга эга чиқди.
Пара-пауэрлифтинг бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Фарҳод Умрзоқов ҳам кумуш медаль соҳибига айланди. Эркаклар ўртасида -97 кг вазн тоифасида қатнашган спортчи 228 кг натижа билан шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олди.
Пара-енгил атлетика
Ушбу Параосиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси байроқдори бўлган Нурхон Қурбонова яна бир бор шоҳсупага кўтарилди. Пара-енгил атлетиканинг аёллар ўртасида Ф54 классида найза улоқтириш баҳсларида иштирок этган спортчи 18.95 метр натижа билан Параосиё ўйинлари рекордини янгилади ва олтин медалга сазовор бўлди. У ядро улоқтириш дастурида кумуш медаль соҳибига айланган эди.
Пара-енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Асила Мирзаёрова ҳам мазкур Параосиё ўйинларида иккинчи медалини нақд қилди. Аёллар ўртасида Т11 классида 200 метрга югуриш баҳсларида иштирок этган спортчи маррага учинчи бўлиб етиб келди ва бронза медалга сазовор бўлди.
Пара-енгил атлетика баҳсларида ядро улоқтириш дастурида иштирок этган Элбек Султонов кумуш медаль соҳибига айланди.
Ўзбекистон делегациясининг навбатдаги олтин медалига Омад Ҳасанов муаллифлик қилди. Пара-енгил аткетикачи узунликка сакраш секторида ўз классида энг юқори натижа қайд этиб, мусобақа чемпионлигига эришди.
Яна бир ўзбекистонлик спортчи Параосиё ўйинлари рекордини янгилаган ҳолда олтин медалга эга чиқди. Пара-енгил атлетикачи Кубаро Ҳакимова Ф41 классида ядро улоқтириш секторида энг юқори натижа билан Ўзбекистон делегациясига галдаги олтин медални тақдим этди.
Эркаклар ўртасида Ф37 классида ядро улоқтириш бўйича беллашувларда иштирок этган Қудратуллахон Маъруфхўжаев олтин, Толибжон Йўлдашев кумуш медалга сазовор бўлишди.