ТОШКЕНТ, 27 окт — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида кеча, 26 октябрь куни энергетика бозори регулятори фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари бўйича тақдимот ўтказилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
“Ҳозирги кунда жами қувватлар 85 миллиард киловатт соатга етган. Келгуси йилларда яна 20 гигаваттлик қувватларни ишга тушириш мўлжалланган. Етти миллиард доллар хусусий сармоя эвазига 9 гигаватт қувват яратиш режалаштирилган”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, электр ишлаб чиқариш ҳажмини камида 120 миллиард киловатт соатга етказиш мақсад қилинган. Янги қувватларни ишга тушириш ва тармоқларни тўлиқ модернизациялашга 52 миллиард доллар инвестиция зарурлиги ҳисоб-китоб қилинган.
Тақдимотда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов “Энергетика соҳасини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш муддатлари ва соҳадаги режалар ҳақида ахборот берди.
Давлат раҳбари мутасаддиларга республикани электр билан таъминлаш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича аниқ кўрсатмалар берди. Бунда, эркин энергетика бозорига ўтишнинг асосий шарти Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талабни тўлиқ таъминлаш учун етарли генерация қувватларини яратиш экани алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, ягона электр савдоси платформасини яратиш ва 2024 йил якунига қадар уни синовдан ўтказиб, ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Президент энергетика бозорини эркинлаштириш жараёнида электр энергиясини аҳолига республиканинг барча ҳудудларида 2035 йилга қадар бир хил нархда сотилиши талабига ҳамда тарифларни белгилашда ижтимоий ҳимоя принципига қатъий риоя этиш шартлигини таъкидлади.
Янги тизим самарали ишлаши учун учта йўналиш – кадрлар тайёрлаш, тармоқнинг илм-фан билан узвийлигини таъминлаш ва рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Бундай комплекс ишлаш тартибини марказдан тортиб ҳудудларгача татбиқ этиш топширилди.
При Президенте Шавкате Мирзиёеве состоялась презентация мер по эффективной организации деятельности регулятора энергетического рынка.
“Шу боис агентликка билимли мутахассис ва хорижий консультантлар ишга олинади. Ходимлар Испания, Хитой, Туркия ва Германияга малака оширишга юборилади. Хорижий тажриба асосида юртимизда ҳам муҳандис, диспетчер, SCADA оператори ва бошқа мутахассисларни тайёрлаш учун ўқув курслари ташкил қилинади”, - дейилади хабарда.
Тақдимотда кўриб чиқилган масалалар юзасидан соҳа масъулларига қатор топшириқлар берилди.