Ўзбекистон ва ЕОИИ

ЕОИИ ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг қайси йўналишлари энг истиқболли? — ЕИК жавоби

ЕИК расмий вакили ЕОИИ ва Ўзбекистон орасида ҳамкорликнинг қайси йўналишларига қизиқиш борлиги ва уларнинг қайсилари энг истиқболли эканига ойдинлик киритди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. ЕОИИ ва Ўзбекистон орасида бугунги кунда савдо, саноат, транспорт молия ва мигррация соҳаларида ҳамкорликка қизиқиш бор, деди ЕИК расмий вакили Ия Малкина Sputnik мухбири Рамиз Бахтияровга.
ЕИК расмий вакили сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон ЕОИИ техник тартибга солиш ҳужжатларини синчиклаб ўрганмоқда.

"Ҳамкорлик йўналишларига келадиган бўлсак, кузатишларимизга кўра, бугунги кунда савдо соҳасига қизиқиш бор, шунингдек, Ўзбекистоннинг ваколатли органлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатларни жуда фаол ўрганмоқда. Бу тушунарли, келажакда Ўзбекистон худди шундай товарларни ЕОИИ бозорларига етказиб бериш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, биз саноат кооперацияси, транспорт, молия сиёсати ва миграция соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларини кўрмоқдамиз", - деди Ия Малкина.

Ундан ташқари, Ўзбекистон ЕОИИнинг келгуси ривожланиш лойиҳаларида иштирок этишига ҳам умид билдирилди.
"ЕОИИда келгусида ривожлантириш режалаштирган — илм-фан, туризм ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳам ҳамкорликни ривожлантириш кутилмоқда. Умид қиламанки, Ўзбекистонни ҳам ушбу жараёнларга қўшиш имкони бўлади", - деди Малкина.
Шу билан бирга ЕИК вакили Ўзбекистон ва ЕОИИ орасида имзоланган меморандум ва шартномаларнинг ижро даражаси юқори эканини алоҳида қайд этди.

"Ўзбекистон Республикаси ЕОИИ билан ҳамкорликк ёндашуви жиддий. Маълумки, ЕОИИ ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланган эди. Унинг доирасида бир қатор амалий ҳужжатлар имзоланди. Бу Қўшма тадбирлар режаси ва ҳамкорликнинг қўшимча йўналишлари рўйхати. Айтиш жоизки, бугунги кунда ушбу ҳужжатларни ижро этиш даражаси жуда юқори — 80% га яқин", - деди Малкина.

Видеокўприк давомида маълум қилинишига кўра, ЕОИИ ташкил этилганидан буён Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажми 3 баробар ошган.
"МДҲ давлатлари орасида ЕОИИ савдосининг ярми Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Бу жуда яхши кўрсаткич. 2022 йил якунига кўра Ўзбекистон билан товар айирбошлаш чоракдан кўпроққа ошди. 2023 йилда биз ижобий динамикани кўрмоқдамиз. Ўйлайманки, йил якунида кўрсаткичлар катта плюс билан якунланади", - деди ЕИК расмий вакили.
Маълумот учун Sputnik матбуот марказида бўлиб ўтган “Москва – Минск – Остона – Бишкек – Ереван – Тошкент” видеокўприги бугун Бишкекдаги бўлиб ўтган Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилиши якунларига бағишланди.