ТОШКЕНТ, 25 окт — Sputnik. Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтаётган IV Параосиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси яна бир қатор медаллар қўлга киритди.
Пара-енгил атлетика
Тажрибали пара-енгил атлетикачи Ҳусниддин Норбеков Параосиё ўйинларида ўзининг бешинчи медалига сазовор бўлди. Эркаклар ўртасида Ф35 классида ядро улоқтириш баҳсларида иштирок этган спортчи 15.90 метр натижа билан бронза медали соҳибига айланди.
Токио-2020 Паралимпия ўйинлари чемпиони Моҳигул Ҳамдамова Ўзбекистон делегацияси ғазнасига галдаги олтин медални тақдим қилди. Пара-енгил атлетика бўйича аёллар ўртасида Ф57 классида диск улоқтириш баҳсларида иштирок этган спортчи энг юқори натижа билан чемпионликка эришди.
Пара-енгил атлетика баҳсларининг аёллар ўртасида Т11 классида кечган узунликка сакраш баҳсларида Асила Мирзаёрова Параосиё ўйинлари чемпионига айланди. Спортчи мусобақада 5.24 метр натижа қайд этди.
Пара-енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Ёқутхон Холбекова ҳам делегацияга яна бир бронза медалини келтирди. Спортчи аёллар ўртасида Т12 классида кечган узунликка сакраш баҳсларида учинчи ўринни қўлга киритди.
Эркаклар ўртасида ядро улоқтириш бўйича Ф63 классида қатнашган Муҳаммад Рихсимов 14.52 метр натижа билан олтин медалга сазовор бўлди.
Пара-таэквондо
Пара-таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Гулжаной Наимова ўз совринлари қаторига Параосиё ўйинларининг олтин медалини ҳам қўшиб қўйди. Аёллар ўртасида +65 кг вазн тоифасида иштирок этган спортчи барча рақибларини мағлуб этган ҳолда мусобақа чемпионига айланди.
Эркаклар ўртасида -80 кг вазн тоифасидаги беллашувларда қатнашган Асад Тоштемиров эса бронза медали соҳибига айланди.
Пара-сузиш
Пара-сузиш бўйича эркаклар ўртасида С8 классида 100 метрга баттерфляй усулида сузиш бўйича беллашув якунига етди. Унда қатнашган Азизбек Бойназаров 1:09:03 дақиқа натижа билан маррага учинчи бўлиб етиб келди ва бронза медалига сазовор бўлди.