ТОШКЕНТ, 25 окт — Sputnik. Текширилмаган туристик фирмалар хизматидан фойдаланиш ҳам вақт, ҳам пулини беҳуда сарфлашга олиб келади. Бу ҳақда Туризм қўмитаси хабар берди.
Шу йилнинг 1 ноябрь кунидан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг 345-сонли қарори асосида Умра зиёратлари янги тартиб-қоидалар бўйича ташкил этилади.
“Эндиликда юртимизда фаолият олиб бораётган туристик фирмалар Умра зиёратларини ташкил этишлари учун Туризм қўмитаси томонидан бериладиган махсус лицензияга эга бўлишлари шарт. Лицензиясиз Умра зиёратлари билан шуғулланган тадбиркорлар қонуний тартибда жавобгарликка тортиладилар”, — дейилади хабарда.
Махсус лицензияга эга туроператорлар тўғрисидаги маълумотлар Туризм қўмитасининг “Uzbektourism.uz” ахборот порталида эълон қилинади ва доимий равишда янгиланиб борилади.
“Ҳурматли юртдошлар, Умра зиёратига боришда махсус лицензияга эга бўлмаган туроператорлар хизматидан фойдалинишда огоҳ бўлишни ва кейинчалик турли хил кўнгилсиз холатларга тушиб қолмаслик учун олдиндан пул тўламасликни сўраб қоламиз”, — дея огоҳлантирди қўмита.
Қайд этилишича, текширилмаган туристик фирмалар хизматидан фойдаланиш ҳам вақтни, ҳам пулни беҳуда сарфлашга олиб келади.