ТОШКЕНТ, 25 окт — Sputnik. Россиялик ҳамкорлар билан Китобда замонавий кардиология маркази барпо этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳрида ўтказилган йиғилишда таъкидлади.
Қайд этилишича, воҳа аҳолисининг 42 фоизида ортиқча вазн муаммоси сабаб юрак қон-томир ва қандли диабет касаллиги кўпайган.
Президент бу ҳолатдан ташвиш билдириб, соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш ва вилоятда соғлиқни сақлаш тизими салоҳиятини ошириш зарурлигини таъкидлади.
Жумладан, қўшимча равишда россиялик ҳамкорлар билан Китобда замонавий кардиология марказини барпо этиш топширилди.
Шунингдек, вилоятда мобиль поликлиникалар хизмати йўлга қўйилади, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази негизида 600 ўринли замонавий клиника ташкил қилинади.
Йиғилиш давомида Қашқадарёда инвестиция, саноат, туризм, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда ижтимоий соҳада белгилаб олинган асосий вазифалар юзасидан вилоят ҳокими ва бошқа мутасаддиларнинг режалари тингланди.