ТОШКЕНТ, 25 окт — Sputnik. Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған билан учрашди, дея хабар берди прокуратура матбуот хизмати.
Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) бош прокурорлари кенгашининг иккинчи йиғилиши доирасида Туркия президенти ва ташкилотга аъзо давлатлар бош прокурорлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ва Туркия президенти Тайип Режеп Эрдоған
© Генеральная прокуратура
Қайд этилишича, тадбир давомида Туркия президенти йиғилиш иштирокчиларига ташкилот доирасида ўзаро ҳамкорликни фаол қўллаб-қувватлаб келишаётганлиги учун миннатдорчилик билдирган.
"Ташкилотга аъзо давлатлар бош прокуратуралари раҳбарларининг ўзаро ҳуқуқий ҳамкорлиги уюшган жиноятчиликнинг бир қатор турларига қарши курашиш буйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга хизмат қилиши айтиб ўтилди", — дейилади хабарда.
Маълумот учун, 24 октябрь куни Туркий давлатлар ташкилоти бош прокурорлари кенгашининг “Халқаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари: муаммолар ва давлатлар тажрибаси” мавзусига бағишланган иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, ТДТ котибияти ҳамда Халқаро прокурорлар ассоциацияси вакиллари иштирок этди.