Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги маҳаллага ташриф буюрди

Президент маҳаллада аҳоли учун яратилган шароитлар ва йўлга қўйилган хизматлар билан танишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 окт — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Қарши шаҳридаги "Ойдин" маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуши, ҳудуддаги ободлик ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик билан танишди.
Маҳаллади 11 мингга яқин аҳоли яшайди, иккита мактабгача таълим ташкилоти, битта умумтаълим мактаби мавжуд.
Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги "Ойдин" маҳалласига ташриф буюрди
Маҳаллада хизмат кўрсатиш соҳаси, тикувчилик ва ҳунармандчилик яхши ривожланган. Хусусан, йигирмага яқин савдо дўкони, сартарошхона, умумий овқатланиш шохобчаси ва бошқа турдаги тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда. Уларда маҳаллий аҳоли иш билан банд.
2023 йилда учта кўп қаватли уй фойдаланишга топширилган. Кўп қаватли уйларда коммунал хизматлар “Ойдин бошқарув сервис компанияси” томонидан кўрсатилмоқда. Хусусан қиш мавсуми олдидан кўп қаватли уйларда зарур тайёргарлик чоралари кўрилган: 10та уйнинг томи, юздан ортиқ йўлаклар таъмирланган, иссиқлик қувурлари изоляция қилинган.
Маҳалла ҳудудида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида олти минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазилган. Кўчалар асфальтланган, ёритгичлар ўрнатилган. Икки километрлик пиёдалар йўлакчаси ташкил этилган.
Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги "Ойдин" маҳалласига ташриф буюрди
Шавкат Мирзиёев маҳалладаги 11-уйда яшовчи Дилшод Набиев хонадонида меҳмон бўлди. Оила бошлиғи хусусий тадбиркор. Турмуш ўртоғи Ҳурриятхон билан икки фарзандни вояга етказмоқда.
Президент маҳалланинг янги маркази – маҳалла гузари, хизмат кўрсатиш шохобчаларини кўздан кечирди. Шу ерда нуронийлар билан мулоқот бўлди.
Қарши шаҳри масъуллари, маҳалла “еттилиги” ҳудудда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди.
Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги "Ойдин" маҳалласига ташриф буюрди