Таржимаи ҳоли
У 1862 йили Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида туғилган. Унинг ота-онаси Жунайдуллахўжа ва Ҳурибиби ўз даврининг анча саводли кишилари бўлган. Исҳоқхон дастлаб онасининг қўлида саводини чиқариб, кейин ҳижо усулига асосланган маҳалла мактабида ўқиди. Онаси Ҳурибиби мактабдор бўлиб, ўз мактабида қизларга ёзиш ва хуснихатни ўргатар эди. Шунинг учун ҳам Исҳоқхон ўз асарларида онасини устози сифатида кўп таърифлайди. Адабиёт ва санъатга ихлоси баланд Исҳоқхонни ўқишни давом эттириши учун Қўқонга юборадилар. У 1878-1886 йиллари Муҳаммад Сиддиқ Тунқатор мадрасасида ўқийди. Ўша даврларда Қўқон адабий муҳитининг йирик намояндалари Муқимий, Фурқат, Завқий, Нодим, Ҳазинийлар билан яқин муносабатда бўлган, адабий мушоираларда иштирок этган.
Фаолияти
Мадрасани тугатиб, Тўрақўрғонга қайтган Ибрат ўз қишлоғида мактаб очади. Унинг мактаби ўша вақтларда урф бўлаётган замонавий рус мактабларидаги илғор методикани татбиқ қилди. Аммо бу мактаб узоқ фаолият кўрсата олмади. Мутаассиблар уни ёпишга муваффақ бўлдилар. Чет эл ҳаёти ва маданияти билан яқиндан танишишни истаган Исхоқхон Шарқ мамлакатлари бўйлаб сафарга отланди. Жидда, Истанбул, София, Рим каби Европанинг марказий шаҳарларида бўлди. Анча вақт Афғонистоннинг Кобул, Арабистоннинг Жидда шаҳрида яшади. Макка шаҳридан Қизил денгиз ва Ҳинд океани орқали Ҳиндистонга келди. 1892-1896 йилларда Ҳиндистоннинг энг катта порт шаҳарларидан Бомбей ва Калкуттада яшади. Бу ерда кўп ишлатиладиган арбаъ лисон, яъни тўрт тилни: араб, форс, ҳинд-урду ва инглиз тилларини мукаммал ўрганди. 1896 йили Ҳиндистондан Бирма орқали Хитойга, сўнгра Кошғарга ўтади ва Наманганга қайтиб келади. Чет элдан қайтгач, олти тилни ўз ичига олган “Луғати ситта алсина” (“Олти тилли луғат”) асарини ёзди. Асар анча қийинчиликлар билан 1901 йили Тошкентда Ильин босмахонасида чоп этилди. Илғор педагог сифатида 1907 йилда ўз уйида янги усулдаги мактаб очди. Унда 30 нафар қишлоқ болаларини ўқитди.
1907 йили Ибрат Оренбургга боради ва Ризо Фахриддиннинг “Шўро” журнали фаолияти билан танишади. У Оренбургда Гауфман деган матбаачидан пулини ўн йил мобайнида тўлаш шарти билан 1901 йилда чиққан литоографик машина сотиб олади. Исҳоқхон литографик машина ва ҳарфларни катта машаққатлар билан Оренбургдан Қўқонга поездда, Қўқондан Тўрақўрғонга туяларда олиб келади. 1905 йили ўзи қурдирган ҳаммом ўрнида босмахона ташкил қилади ва “Матбааи Исҳоқия” номи билан ишга туширади.
Исҳоқхон Ибрат жаҳон илми ва маданиятида яратилган ҳар бир илғор янгиликдан ўз халқини баҳраманд этишга ҳаракат қилди. 1908 йили ташкил қилинган “Фотографияи Исҳоқия”, 1910 йили Тўрақўрғон аҳолиси учун бунёд этилган истироҳат боғи буни тасдиқлайди. У отасидан қолган катта ерни гулбоғ қилди. Фаввора қурдирди. 150 туп манзарали дарахтлардан хиёбон яратди. Европа услубида катта иморат қурдириб, унинг аркига “Хуш келибсиз, Исҳоқия боғига” деб ёздириб қўйди. Тўрақўрғон аҳли ҳозирги кунда ҳам бу боғни шу номда атайди.
Исҳоқхон Ибрат 1897-1924 йилларда узлуксиз Тўрақўрғон қозиси лавозимида фаолият кўрсатиб адолатни, ҳақни рўёбга чиқишида анча хизмат қилди.
Ижодий йўли
Ибрат - истеъдодли шоир. У уч – ўзбек, форс ва араб тилларида эркин ижод қилган. Ўз шеърларини тўплаб девон тузган. Аммо мазкур девон бизгача етиб келмаган. Шунга қарамай, шоирнинг катта ҳажмдаги шеърлари вақтли матбуотда босилиб чиққан, баёзларга киритилган. Ибрат ўз шеърларининг кичик қисмини 1909 йили ўз матбаасида босмадан чиқарган. Бундан ташқари жаҳон ёзувлари тарихига бағишланган “Жомеъул-хутут” (“Ёзувлар мажмуаси”) асарларини яратди. Олимнинг мазкур асари катта ҳажмда - 132 бетдан иборат бўлиб, 1912 йилда ўзининг босмахонаси “Матбааи Исҳоқия” томонидан нашр қилинди. Бундан ташқари муаррих сифатида “Тарихи Фарғона”, “Тарихи маданият”, “Мезонуз-замон” илмий асарларини яратди.
Минглаб зиёлиларнинг ёстиғини қуритган қатағоннинг даҳшатли кезлари – 1937 йилнинг илк баҳорида Исҳоқхон Ибрат ҳам қамоққа олинди. Кексалик сабаб ҳам жисмоний, ҳам руҳий азобларга дош бера олмади. Суд ҳукмигача ҳам етиб келолмасдан қамоқхонада икки ой ётиб, ҳаёт билан видолашди.
Мустақиллик йилларидан сўнг Ибрат ҳаёти ва ижодига катта эътибор қаратилди. 2005 йилда унинг катта ҳажмда педагогик ҳамда адабий, илмий асарлари нашр этилди. 2017 йилда Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида Исҳоқхон Ибрат номидаги барча замон талабига мос келувчи ижод мактаби очилди.