ТОШКEНТ, 23 окт – Sputnik. Россиялик машҳур пианиночи Денис Мацуев Тошкентда концерт берди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
"Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтган концертда Генделдан Рахманиновгача бўлган мураккаб ва ранг-баранг дастурни тақдим этилди.
Денис Мацуев - рус пианино мактаби анъаналарининг давомчиси. Унинг чиқишлари концерт дастурларининг изчил сифати, янгилик ва бадиий талқиннинг теранлиги билан ажралиб туради.
Маълумот учун, Россия маданиятини чет элда тақдим этиш бўйича "Россия фасллари" халқаро лойиҳаси ҳар йили ўтказилади. Унинг вазифаси Россияни ўзининг бой маданий мероси ва анъаналарини эҳтиёткорлик билан сақлайдиган ва ривожлантирувчи мамлакат сифатида кўрсатишдир. "Россия фасллари" мавзуси ва формати хилма хил: классик мусиқа концертлари ва театр томошаларидан тортиб кинофестиваллар, бадиий кўргазмалар ва таълим лойиҳаларигача.
Ушбу тадбир доирасида бир неча кун олдин Самарқандда россиялик машҳур дирижёр Юрий Башмет иштирокида симфоник оркестр концерти бўлиб ўтган эди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида Доғистоннинг машҳур "Лезгинка" ансамбли ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинган эди.