Параосиё ўйинлари: ўзбекистонлик спортчилар 10 дан ортиқ медалларга эга чиқишди

Параосиё ўйинларида спортчилар қўлга киритган олтин медаллар сони 6тадан ошди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 окт — Sputnik. Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтаётган IV Параосиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 10 дан ортиқ медалларга эга чиқди, дея хабар берди Миллий паралимпия қўмитаси.

Пара-енгил атлетика

Пара-енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Сафия Бурханова навбатдаги олтин медални қўлга киритди. У аёллар ўртасида F12 классида ядро улоқтириш дастурида иштирок этиб, 13.87 метр натижа қайд этди.
Эркаклар ўртасида Т13 классида 100 метр масофага югуриш баҳсларида қатнашган Дониёр Аҳмедов 11.35 сония натижа билан маррага 3-бўлиб етиб келди ва бронза медалига сазовор бўлди.
Пара-енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Ёрқин Одилов делегация ҳисобига навбатдаги кумуш медални келтирди. У F57 классида найза улоқтириш дастурида 47.72 метр натижа билан иккинчи кўрсаткични қайд этди.
Пара-енгил атлетиканинг эркаклар ўртасида Т11 классида узунликка сакраш баҳсларида қатнашган Урганч Эгамназаров бронза медалига сазовор бўлди. У 6.32 метр натижа билан учинчи ўринга эга чиқди ва яна бир бронза медалини делегациямиз ҳисобига қўшиб қўйди.
Пара-енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Темур Гиязов иккинчи бор Пара Осиё ўйинларида шоҳсупага кўтарилмоқда. Эркаклар ўртасида Т64 классида баландликка сакраш баҳсларида қатнашган спортчи роппа-роса 2 метр натижа билан кумуш медалга сазовор бўлди. Эслатиб ўтамиз, у 2018 йилги Пара Осиё ўйинларида ушбу дастурда олтин медалга эгалик қилган эди.

Пара-таэквондо

Аёллар ўртасида пара-таэквондо баҳсларида иштирок этган Зиёда Исоқова -48 кг вазн тоифасида финалгача етиб борди ва кумуш медалга сазовор бўлди.
Санжар Мухторов ҳам ўз номини совриндорлар қаторига ёзиб қўйди. -58 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган спортчи бронза медалини қўлга киритди.

Пара-дзюдо

Пара-дзюдо беллашувларида ҳам дастлабки медаллар жамланмаси ўйналди. Аёллар ўртасида J2 классида -48 кг вазн тоифасида мамлакат шарафини ҳимоя қилган Лобар Ҳуррамова якунда бронза медалига эгалик қилди.
Эркаклар ўртасида -60 кг вазн тоифасининг J2 классида кечган беллашувларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Кемран Нуриллаев ҳамда Шерзод Намозов финалгача етиб келишди. Якунда Нуриллаев олтин, Намозов эса кумуш медаль соҳибига айланишди.
Аёллар ўртасида J1 классида -57 кг вазн тоифасида икки нафар спортчи шохсупага кўтарилди. Жумладан, Ҳосият Позилжонова кумуш, Улжон Амриева бронза медалига сазовор бўлди.

Пара-сузиш

Шунингдек, пара сузишнинг эркаклар ўртасида S13 классида 100 метр масофага баттерфляй усулида сузиш баҳсларида иштирок этган спортчилар ҳам медалларга эга чиқишди. Унга кўра, Музаффар Турсунхўжаев олтин, Ислам Асланов кумуш ва Кирил Паньков бронза медалига сазовор бўлди.