ТОШКЕНТ, 21 окт — Sputnik. Кеча, 20 октябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳромжон Аълоев Покистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Аҳмад Фарук билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мулоқотда Ўзбекистон-Покистон стратегик шериклигини янада ривожлантириш, кўп қиррали ҳамкорликни, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва транспорт-коммуникация соҳаларида ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Покистоннинг халқаро майдонда, хусусан, БМТ, ШҲТ, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Икки томонлама ва кўп томонлама шаклдаги бўлажак тадбирлар жадвали ва ташкилий жиҳатлари муҳокама қилинди.