ТОШКЕНТ, 21 окт — Sputnik. Озарбайжонда ўтказилган халқаро мусобақада 7 та давлат энергетика компаниялари ичида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ жамоаси ғолиб бўлди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Озарбайжонда Гейдар Алиев таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан “Тақсимлаш тармоқларида рақамли трансформация” мавзусида туркий тилда сўзлашувчи давлатлар энергетиклари ўртасида “Ҳадрут-2023” мусобақаси ташкил этилди. Унда Ўзбекистон номидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ жамоаси иштирок этди.
Мусобақада Озарбайжон, Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Татаристон ва Қирғиз Республикаларининг энергетика компанияларидан профессионал мутахассислар иштирок этди.
Мусобақаларнинг барча шартларида юқори натижаларни кўрсатган “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ жамоаси ғолиб деб топилди.
Маълумот учун, туркий тилда сўзлашувчи давлатлар энергетикларининг навбатдаги мусобақаси Татаристонда ўтказилади.