ТОШКЕНТ, 21 окт — Sputnik. Ғазо сектори учун гуманитар ёрдам юкланган биринчи юк машиналари Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти орқали анклавга ўта бошлади, деб хабар бермоқда Аl Arabiya телеканали.
“Ғазо секторига гуманитар ёрдам, жумладан, тиббий буюмлар бўлган юк машиналари Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти орқали ўта бошлади”, - дейди воқеа жойидан мухбир.
Телеканалнинг қўшимча қилишича, Ғазодаги хорижликлар тез орада Рафаҳ орқали анклавни тарк этишлари мумкин.
РИА Новости мухбирининг маълум қилишича, Миср ва Ғазо сектори чегарасида гуманитар ёрдам юкланган 200 га яқин автомобиль тўпланиб қолган.
Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктининг очилиши бугун Американинг Исроилдаги элчихонаси томонидан эълон қилинди. У орқали Мисрга АҚШ ёки бошқа Ғарб давлатларининг паспортига эга фаластинликлар, шунингдек, айрим гуманитар ташкилотлар ходимлари кириб келиши кутилмоқда.
Шу ҳафта Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ва АҚШ президенти Жо Байден Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказишга келишиб олди. У доимий равишда Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктидан ўтади.
Сўнгги маълумотларга кўра, Исроил ва бошқа давлатларнинг 1,3 мингдан ортиқ фуқароси ҳалок бўлган. Ғазода 4,1 мингдан ортиқ киши қурбон бўлган, 13 мингдан ортиқ киши жароҳат олган.