ТОШКЕНТ, 21 окт — Sputnik. Андижон вилоятида газ нархини сунъий оширган МЧЖ фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу хақда “Ўзэнергоинспекция” ахборот хизмати маълум қилди.
Кеча, 20 октябрь куни Андижон вилояти, Жалақудуқ туманидаги “Мезон авто ойл” МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шахобчасида 1 метр куб сиқилган газни 3600 сўмдан сотилаётгани истеъмолчилар томонидан эътирозларга сабаб бўлди.
Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида “Ўзэнергоинспекция” Андижон ҳудудий бошқармаси томонидан ўрганиш ўтказилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 сентябрдаги 475-сонли қарори талаблари юзасидан огоҳлантириш берилишига қарамасдан, мазкур шахобчада 1 метр куб сиқилган газ 3600 сўмдан сотилаётгани аниқланди.
Ушбу қоидабузарлик юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилди ҳамда мазкур шахобча газ тармоғидан ажратилиб, унинг фаолияти вақтинча тўхтатилди.