Абдулла Авлоний таржимаи ҳоли
У 1878 йилнинг 12 июлида Тошкентнинг Мерганча маҳалласида косиб оиласида дунёга келди. Отаси Миравлон майда ҳунармандчилик, тўқувчилик билан шуғулланган, Ярмарка бозорда бўз ва чит билан савдо қилган.
Абдулла етти ёшдан Ўқчидаги эски мактабда таълим олган. У таржимаи ҳолида бу ҳақда шундай ёзган: “12 ёшимдан Ўқчи маҳалласидаги мадрасада дарс ўқир эдим. 14 ёшимдан бошлаб ўша замонга мувофиқ ҳар хил шеърлар ёза бошладим. Бу замонларда “Таржумон” газетасини ўқиб, замондан хабардор бўлдим”.
Педагогик фаолияти
Авлоний мадрасани битириб, мактабдорлик билан шуғулланди. Ўқиш ва ўқитиш усулига ислоҳ киритиб, янги услубдаги мактаб ташкил этди ва янги ўқув тизимига асос солди, ёш педагог-ўқувчиларга замонавий билимлар бериш, Шарқ ва Ғарб тилларини ўргатиш каби муҳим таълим тарбиявий ишларни амалга оширди. У биринчи бўлиб география, кимё, астрономия, ва физика фанларини Туркистон мактабида ўқитиш таклифини киритади, дарслар орасида танаффусларни, ўқувчиларни бир синфдан иккинчисига ўтиши орасида имтиҳон топшириш тизимини йўлга қўяди. У мактаб ўқувчилари учун “Биринчи муаллим”, “Иккинчи муаллим” (1912), “Тарих”, “Туркий Гулистон ёки ахлоқ” (1913) каби замонаси учун ҳодиса бўлган дарсликларни ёзган. Шу туфайли, Туркистондаги таълим тизими янги босқичга кўтарилади.
Ижодий йўли
1895 йилдан ижодий фаолиятини бошлаган Авлоний “Қобил”, “Шуҳрат”, “Ҳижрон”, “Авлоний”, “Сурайё”, “Абулфайз”, “Индамас” тахаллуслари билан шеър, ҳикоя, фельетон ва кичик ҳажмли драматик асарлар яратган. Шоир ўз асарларида замонасидаги қолоқликни, жоҳилликни танқид қилади ва кишиларни билимга, маърифатга чақиради.
Абдулла Авлоний 1917 йилгача маҳаллий халқ орасидан етишиб чиққан ношир ва журналист сифатида Тошкентда “Шуҳрат”, “Осиё”, каби газеталарни ташкил этади. У “Адвокатлик осонми?”, “Икки муҳаббат”, “Тўй”, “Съезд”, “Лайли ва Мажнун”, “Ўликлар”, “Қурултой”, “Пинак”, “Биз ва сиз”, “Бўрон” каби драматик асарларини ёзиб уларда жаҳолат, бидъат, билимсизликнинг фожиали оқибатларини, қўпол ва ярамас урф-одатларини фош этади. У 1913 йили “Турон” театр труппасини ташкил этди ва шу театр учун оригинал саҳна асарларини яратиш билан бирга қардош драматургларнинг пьесаларини ўзбек тилига таржима ҳам қилди.
Абдулла Авлоний шеърлари
Абдулла Авлоний шоир сифатида кўплаб шеърлар битган. Унинг шеърлари хоҳ эски урф одатларга қарши қаратилган бўладими, хоҳ муҳаббат ёки мактаб-маориф ҳақида бўладими, ҳамма-ҳаммасида инсон, унинг аҳлоқий гўзаллиги ва маънавий бойлиги куйланади. Жумладан, “Ўз мамлакатимизда” шеърида маишат учун пул бойликларни мўл-кўл исроф этган, аммо бола тарбияси учун сариқ чақани раво кўрмаган хасисларни “Илм учун пулни кўзлари қиймас”, деб қоралайди. Ёки “Мактаб” шеърида:
Мактаб мисни тилла қилур,
Мактаб сизни мулло қилур,
дейиш орқали шоир мактабни инсон учун зулм, ноҳақлик, адолатсизликдан халос этувчи нажот йўли эканлигини айтади. Айниқса, унинг “Адабиёт”(1915) китоби бу жиҳатдан алоҳида ажралиб туради.
Шунингдек, “Мардикорлар ашуласи”, “Ватан”, “Мактаб”, “Боғча”, “Ялқов шогирд тилидан”, “Тоғлардан бир манзара”, “Миллатга бир хитоб”, “Ишчилардан тортиқ”, “Кўклам келди”, “Товуш” каби достонларида илм-маърифатга бўлган муҳаббат, ватанпарварликни куйлайди.
Абдулла Авлоний 20 йилларда ўзбек халқи маорифи ва маданияти тараққиётида иштирок этибгина қолмай, қўшни афғон халқининг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам муайян роль ўйнаган. У маълум муддат Афғонистон халқ маорифи вазири, сўнг Шўролар Иттифоқининг Афғонистондаги консул элчиси вазифаларида хизмат қилган. Авлоний умрининг сўнгги йилларида Ўрта Осиё Коммунистик университетида дарс бериш билан бирга ўзбек адабиётидан қатор дарсликларни яратган.
Авлонийнинг ижтимоий-сиёсий, ахлоқий, эстетик қарашлари бугунги кунда ҳам ўз қийматини йўқотмаган.