ТОШКЕНТ, 20 окт — Sputnik. Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Нишон туман суди 4 октябрь куни 13 йил давомида ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланган шахсга нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда "Ўзсувтаъминот" матбуот хизмати хабар берди
Балхияк қишлоғида яшовчи фуқаро Ў.А. 2010 йилда фермер хўжалиги ташкил қилган. Кейин Толимаржон-Муборак магистраль қувурига ноқонуний уланиб, экинларини ичимлик суви билан суғориб келган.
"Қашқадарё сув таъминоти" корхонаси ходимлари ўтказган рейд давомида унинг ноқонуний фаолияти фош этилган. Етказилган зарар 282,7 млн сўмни ташкил этган.
Суд Ў.А.ни айбдор деб топиб, унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Ундан 282,7 млн сўм миқдоридаги зарар ҳам ундирилади.