ТОШКЕНТ, 20 окт — Sputnik. Фарғонада 6 миллиард сўмга яқин ҳужжатсиз уяли алоқа воситалари айланмаси аниқланди, дея хабар берди вилоят божхона бошқармаси.
Қайд этилишича, Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан вилоят ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.
Унда “Фарғона-Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро бошқарувидаги “Кобальт” русумли автотранспорт воситаси Наманган вилоятига кириш масканида тўхтатилиб кўздан кечирилди.
“Автотранспорт воситасининг салони ва юкхонасида четдан ноқонуний олиб кирилаётган, хорижда ишлаб чиқарилган ҳамда божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган дастлабки қиймати 5 млрд 788,9 млн сўмлик жами 24 турдаги 550 га яқин уяли алоқа воситалари борлиги аниқланди”, — дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.