ЯИМнинг юқори ўсиш суръатини келгуси йилда ҳам сақлаб қолиш имкони бор — Мирзиёев

Прогнозларига кўра 2023 йилда Ўзбекистонда ЯИм ўсиши 5,6%ни ташкил қилади ва ушбу ўсиш суръатини 2024 йилда ҳам сақлаб қолиш учун керакли заҳиралар бор.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2023 йилнинг 9 ойида эришилган иқтисодий натижалар ва 2024 йилга мўлжалланган макроиқтисодий прогнозлар муҳокама қилинди.
Мажлисда, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ, 2024 йилда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича кўплаб мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.
Ҳукуматга 2024 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурни мазкур стратегиядаги вазифаларни бажариш нуқтаи назаридан пухта ишлаб чиқиш топширилди.

Келгуси йилда ЯИМнинг ҳозирги ўсиш суратларини сақлаб қолиш учун заҳира ва имкониятлар бор. Хусусан, 2024 йилда 13 миллиард долларлик 300 дан зиёд лойиҳани ишга тушириш, энергия таъминотини барқарорлаштириш, тармоқлар самарадорлиги ошириш ҳисобига саноатда 6 фоиз ўсиш имконияти бор, - дейилади хабарда.

Хизматлар соҳасида 15 фоиз ўсишни таъминлаш учун транспорт, логистика, агро-хизматлар, суғурта, лизинг каби йўналишлардаги фойдаланилмаётган имкониятларни тўлиқ ишга солиш зарурлиги қайд этилди.
Президент транспорт, сув хўжалиги, коммунал каби соҳаларда бошланган ислоҳотларни фаоллаштириш, бунда аҳоли ва бизнесни қўллаб-қуватлашга алоҳида аҳамият қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон ЯИМи ушбу йилнинг 9 ойда 5,8 %га ўсган. Ундан саноат ўсиши — 5,7%, қишлоқ хўжалиги— 4,1%, хизматлар — 12,1%ни ташкил қилган. Шунингдек, экспорт 23,5% ва фоизга ошган.
Халқаро моия ташкилотлари 2023 йилда Ўзбекистон миллий иқтисодиёти йил якунида камида 5,6 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда.
Бунга республикада йил давомида ўзлаштирилган 226,6 трлн. сўм инвестициялар, шунингдек ҚҚСнинг 15%дан 12%гача камайтирилиши ҳамда ҳудудлар инфратузилмасини яхшилашга 35 триллион сўм, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга 19 триллион сўм йўналтирилиши асос бўлган.