ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳромжон Аълоев Ҳиндистоннинг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Маниш Прабхат билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат чоғида томонларни қизиқтирган қатор йўналишларда икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Қўшма тадбирлар жадвали, хусусан, Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлислари ҳамда “Марказий Осиё – Ҳиндистон” форматида вазирлар учрашувини ўтказиш юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар кун тартибидан икки давлатнинг БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари, ШҲТ ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро ҳамкорлиги масалалари ҳам ўрин олди.