ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. Ўзбекистонлик велоспортчилар илк бор Олимпия ўйинларига тўртта йўлланма қўлга киритишди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича Париж-2024 Олимпиадасига рейтинг очколарини жамғариш даври якунига етди. Халқаро велосипедчилар иттифоқи (UCI) томонидан эълон қилинган рейтинг якунига кўра, бўлажак Олимпиадага Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 3 та, эркаклар термаси эса 1 та йўлланмага сазовор бўлди.
Аёллар тоифасидаги лицензияларнинг 2 таси гуруҳ пойгаси, 1 таси эса шахсий пойга дастурига тўғри келади. Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 1942 очко билан ушбу циклда иштирок этган 103 жамоа орасида 17-натижани қайд этган. Бу Осиё мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткич бўлди.
Эркаклар термаси эса 1228 очко билан 105 жамоа орасида 32-натижани кўрсатишди. Бу уларга гуруҳ пойгаси йўналишида 1 та йўлланмани тақдим қилди. Қоидага кўра, барча квоталар терма жамоа учун тақдим қилинган.
Ушбу дастурларда қайси атлетлар Париж-2024 Олимпиадасида стартга чиқиши кейинроқ мураббийлар штаби томонидан маълум қилинади.