ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. Ўзбекистонда аҳоли орасида жисмоний тарбия ва спорт, соғлом турмуш тарзи тарғиботини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон соғлом турмуш тарзи ва фитнес миллий ассоциацияси ташкил этилди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Кеча, 18 октябрь куни, Миллий Олимпия қўмитасида ассоциациянинг илк конференцияси бўлиб ўтди.
© НОК
Тадбирни МОҚ бош котиби Ойбек Касимов олиб борди. Унда Ўзбекистон президенти администрацияси департамент раҳбари Одил Абдураҳманов, ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Дурдона Раҳимова, Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ўринбосари Дилнозахон Каттахонова, финтес ва масрестлинг федерациясининг масъуллари иштирок этишди.
Ойбек Касимов янги ассоциациянинг мақсад ва вазифалари хусусида тўхталиб, бу президентнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномаларида илгари сурган Соғлом турмуш тарзи ҳаракатининг амалий натижаси бўлишини таъкидлади.
© НОК
Тадбирда Одил Абдураҳмонов номзоди Ўзбекистон соғлом турмуш тарзи ва фитнес миллий ассоциацияси раислигига илгари сурилди. Делегатлар ушбу номзодни бир овоздан қўллаб-қувватлашди ва Абдураҳманов янги ташкил этилган ассоциация раиси этиб сайланди.
© НОК
© НОК
Шунингдек, ассоциация раиси ўринбосарларининг таркиби ҳам шакллантириб олинди. Унга кўра, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев, шунингдек, Жаҳонгир Наврўзов, Моҳир Каримов ҳамда Шоҳруҳ Далиев ассоциация раисининг ўринбосарлари лавозимига сайланишди.