Фарғонада Беларусь лифтларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

Фарғонада Беларуснинг “Могилёвлифтмаш” лифтларини ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. Фарғонада Беларуснинг “Могилёвлифтмаш” лифтларини ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Беларуснинг “Алютех” компанияси вакиллари Александр Сорокин ҳамда Сергей Баришниковни қабул қилди. Унда Фарғонада Беларуснинг “Могилёвлифтмаш” лифтларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.
"Режага кўра, Экошаҳар ҳудудидаги кичик саноат зонасида барпо этиладиган корхонада дастлабки босқичда ушбу лифтларни йиғиш ҳамда сервис хизмати кўрсатиш йўлга қўйилиши, иккинчи босқичда эса бутловчи деталларни маҳаллийлаштириш кўзда тутилмоқда. Ишлаб чиқариш ҳажми талабдан келиб чиққан ҳолда кенгайтириб борилади", — дейилади хабарда.
Учрашувда лойиҳани амалга ошириш бўйича белгиланган тартибда иш ташкил этилишига келишиб олинди.
Маълумот учун, 1966 йилда ташкил этилган Могилёв лифт машинасозлиги заводи бугунги кунда ишлаб чиқариш ҳажми бўйича МДҲ давлатлари ҳудудида энг йирик корхона ҳисобланади. Заводда ижтимоий ва саноат объектлари, кўп қаватли уйлар учун мўлжалланган жами 180 турдаги ва қувватдаги лифтлар ишлаб чиқарилади.