ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. Хитой ЕОИИнинг транспорт ва инфратузилма лойиҳаларида фаолроқ иштирок этиши мумкин. Бу ҳақида Евроосиё Иқтисодий комиссияси (ЕИК) раиси Михаил Мясникович Пекинда бўлиб ўтган "Бир макон, бир йўл" форумида айтиб ўтди.
"ЕИК раиси хитойлик ҳамкорларни ЕОИИ ва Хитой орасидаги транспорт ва инфратузилма бўйича қўшма лойиҳаларда фаолроқ иштирок этишга таклиф қилди. Мясниковичнинг таъкидлашига кўра, ЕОИИда бунинг учун зарур замин яратилган. Хусусан, 2022 йил август ойида Иттифоқ ҳукумат раҳбарлари транспорт соҳасида еттита устувор интеграция лойиҳалари рўйхати тасдиқланди ва ишлар кўлами белгилаб олинди. Беларусь ва Хитой ўртасида йирик транспорт лойиҳалари ишга тушган", - дейилади хабарда.
“Бизнинг биргаликдаги ҳаракатларимиз Евроосиёда узлуксиз транспорт алоқасини таъминлашига аминмиз. Шу мақсадда ЕИК мутахассислари ЕОИИ ва ШҲТ ўртасидаги ҳамкорлик доирасида транспорт-логистика мегалойиҳаси концепциясини ишлаб чиқди ва тақдим этди”, — деди ЕИК раиси.
ЕОИИ ва Хитой ҳамкорлигининг ёрқин намунаси сифатида ЕИК раиси "Агроэкспресс" лойиҳаси ҳақида тўхталиб ўтди. Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини тезкор етказиб бериш учун мўлжалланган ушбу лойиҳа доирасида бир йилда Беларус ва Россия вилоятларидан Хитой Халқ Республикасига 18,5 мингта контейнер жўнатилган.
Мясниковичнинг фикрига кўра, ЕОИИ ва Хитойнинг илғор билим ва технология эгалари умумий муаммоларни ҳал этишда фаолроқ иш олиб боришлари керак. Ушбу масала "Бир макон, бир йўл" ташаббусини амалга оширишда асосий мавзулардан бирига айланиши мумкин.
ЕИК раиси, шунингдек, сўнгги йилларда ЕОИИ ва Хитой ўртасида ўзаро савдо ҳажми 2,8 баравар ўсиб, тарихий рекорд даража — 220 миллиард долларга етганини ҳам айтиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, кеча Пекинда бўлиб ўтган "Бир макон, бир йўл" ташаббусининг учинчи форумида сўзга чиқан Россия президенти Владимир Путин Россия ва Хитой ЕОИИ ҳамда "Бир макон, бир йўл" лойиҳаларини паралел ва ўзаро мувофиқлаштирилган ҳолда ривожлантиришга келишиб олишганини маълум қилган эди.
Ўз навбатида Си Цзинпин ҳам "Хитой “Бир макон, бир йўл” ташаббусини ЕОИИ билан боғлаш учун Россия ва ЕОИИнинг бошқа аъзолари билан ҳамкорлик қилишга тайёр" деб ушбу ғояни тасдиқлади.
Пекинда 17-18 октябрь кунлари бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” ташаббусида 30 тага яқин давлат ва ҳукумат раҳбарлари, 120 давлатдан нуфузли делегациялар иштирок этди.