ТОШКЕНТ, 18 окт — Sputnik. Бу йил Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони 7 миллионга етиши кутилмоқда. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов маълум қилди, дея хабар бермоқда Sputnik мухбири.
Самарқандда Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеяси 25-сессиясининг биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқди.
“Жорий йилда Ўзбекистон 7 миллион хорижий сайёҳни қабул қилиши кутилмоқда. 2024 йилда 10 миллион сайёҳни қабул қилишни кутмоқдамиз”, — деди Азиз Абдуҳакимов.
Шунингдек, у коронавирус пандемиясининг оқибатларига қарамай, глобал туризм ўзининг самарадорлиги ва барқарорлигини исботлаганини қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, бу жуда муҳим, чунки кўплаб мамлакатлар ўз иқтисодиётларини тиклаш учун туризмга таянади.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган ЮНВТО Бош Ассамблеясининг юбилей сессиясида 130 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этмоқда.