Чарм-пойабзал ва мўйна ишлаб чиқарувчилар қўллаб-қувватланади – тафсилотлар

Экспорт қилувчи корхоналарни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида айрим маҳсулотларни олиб чиқишда 2025 йил 1 январга қадар йиғим ундирилмайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти 11 октябрь куни “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади, деб хабар берди Norma.uz.
Қарорга кўра, терини қайта ишловчи корхоналар билан чорвачилик кластерлари ва чорва молларини сўйиш кушхоналари, аҳолидан терини йиғувчи тадбиркорлик субъектлари ва ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахслар ўртасида кооперация тизими жорий қилинади.
Чарм-пойабзал, мўйначилик ва ихтисослашган сўйиш корхоналарини ташкил этиш учун ер майдонлари ажратилиши билан боғлиқ қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш бўйича компенсация тўловлари, истисно тариқасида, корхоналар томонидан бир йил ичида ҳар ой тенг улушларда амалга оширилади.
Ташкил этилган 16 та ихтисослашган чарм-пойабзал кичик саноат зоналарида жойлаштириладиган инвестиция лойиҳалари учун:
электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариладиган ер участкаларининг бошланғич нархи 25 йил муддатдан келиб чиқиб, ҳисоб-китоб қилинади;
ер участкалари электрон онлайн аукцион савдоларига аниқланган бошланғич нархининг 10 фоизи миқдорида чиқарилади;
электрон онлайн аукцион савдолари ғолиблари томонидан ер участкалари учун маблағлар 3 йил давомида тенг улушларда тўлаб берилади.

Молиявий қўллаб-қувватлаш ва имтиёзлар

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ташкил этилган чарм-пойабзал кичик саноат зонасида марказлашган оқова сув тозалаш иншоотини қуриш учун республика бюджетидан 10 йил муддатга 50 млрд сўмгача ссуда ажратилади.
Бунда, терини қайта ишлаш корхоналари томонидан марказлашган оқова сув тозалаш иншоотини қуриш ва бошқариш учун тенг улушларда ягона корхона таъсис этилади ҳамда ушбу ссуда иккинчи йилдан бошлаб ягона корхона томонидан ҳар йили тенг улушларда республика бюджетига қайтариб берилади.
Экспорт қилувчи корхоналарни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистоннинг божхона чегараси орқали майда шохли молнинг ярим тайёр чармини (ТИФ ТН бўйича 4105, 4106 21 000 0 кодлари) олиб чиқишда 2025 йил 1 январга қадар йиғим ундирилмайди.
Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг мавжуд ресурслари доирасида экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун охирги 12 ой мобайнида улар томонидан амалга оширилган экспорт ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 2 йил муддатгача:
экспорт ҳажми 1 млн доллардан 2 млн долларгача бўлганда - 1 млн долларгача;
экспорт ҳажми 2 млн доллардан 4 млн долларгача бўлганда - 2 млн долларгача;
экспорт ҳажми 4 млн доллардан ортиқ бўлганда - 3 млн долларгача миқдорларда молиявий ресурслар ажратилади. Бунда, молиявий ресурслар йиллик 4 фоиз ставкадан (шундан 2 фоизи банк маржаси) ошмаган ҳолда тақдим этилади.
Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаси корхоналари томонидан хорижда савдо уйи ва дўконини ташкил этиш учун алоҳида қарорларсиз йилига 50 минг АҚШ долларигача маблағни чет элга ўтказишга рухсат берилади.
Шунингдек, ҳужжат билан 2024-2026 йилларда чарм-пойабзал саноатини янада ривожлантириш ва хорижий брендлар билан ҳамкорлик ўрнатиш дастури тасдиқланди.
Россия компанияси Ўзбекистонда чарм-пойабзал соҳасида янги лойиҳа бошлади