ТОШКЕНТ, 18 окт – Sputnik. Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси турли интеграция жараёнлари, жумладан, ЕОИИни ўз ичига олган ўзаро боғланган Евроосиё маконини шакллантириш ҳақидаги Россия ғоялари билан ҳамоҳангдир, деди Владимир Путин.
Ўз нутқида Россия президенти Россия ва Хитой узоқ муддатли иқтисодий тараққиётга эришиш учун тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатли ҳамкорликка интилишларини айтиб ўтди.
“Мана шундай асосий тамойиллар асосида қурилган “Бир макон, бир йўл” ташаббуси турли минтақаларда ривожланаётган интеграция жараёнларига жуда мос келади ва у Россиянинг савдо, сармоя, меҳнат эркинлиги таъминланган интеграция занжирини яратиш ғоялари билан ҳамоҳангдир”, — деди Путин.
“Биз таклиф этган катта Евроосиё маконида ҳамфикрлик асосида, турли интеграция жараёнлари, жумладан "Бир макон, бир йўл" ташаббуси, ШҲТ, АСЕАН ва ЕОИИ доирасида бир вақтнинг ўзида давом этади. ЕОИИ бугунги кунда собиқ СССР ҳудудида ҳамкорлар билан муваффақиятли ривожланмоқда. Россия ва Хитой келажакда ЕОИИ ва "Бир камар, бир йўл" ташаббусини параллел ва мувофиқлаштирилган ҳолда ривожлантиришга келишиб олишди", — деди Путин.
“Бир макон, бир йўл” Хитойнинг Марказий Осиё, Европа ва Африканинг 60 тадан ортиқ давлатларини боғловчи мавжуд савдо ва транспорт йўлакларини такомиллаштириш ва янги савдо ва транспорт йўлакларини яратиш бўйича халқаро ташаббуси бўлиб, улар билан Хитой ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Маълумот учун, 17-18 октябрь кунлари Пекинда Хитой етакчиси Си Цзинпиннинг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси ўн йиллиги муносабати билан учинчи юқори даражадаги форуми бўлиб ўтмоқда.