ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Россия Давлат думаси Ядро синовларини ялпи тақиқлаш тўғрисидаги шартномани (ДВЗЯИ) ратификация қилишни қайтариб олиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
“Вашингтон унинг гегемонияси ҳеч қандай яхшиликка олиб келмаслигини ниҳоят тушуниб олмоғи шарт. Ўзаро ҳурмат, икки томонлама стандарт бўлмаган, суверен давлатлар ишларига аралашмаслик тамойилларига асосланган мулоқот даркор. Россия Федерацияси ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва глобал стратегик тенглик сақланиши учун қўлдан келган ҳамма ишни қилади”, - дея ёзди Давлат думаси спикери Вячеслав Володин ўзининг Telegram-каналида.
Ҳужжат Давлат думасига 13 октябрь куни киритилган эди. Қуйи парламентнинг деярли барча депутатлари унинг ҳаммуаллифлари бўлишган. Қонун лойиҳаси билан “Ядро синовларини ялпи тақиқлаш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги” қонуннинг 1-моддаси бекор қилинмоқда. Бу модда Россия Федерацияси номидан Нью-Йоркда 1996 йил 24 сентябрь куни имзоланган шартномани ратификация қилишни назарда тутади. Шунингдек, федерал закон номи “Ядро синовларини ялпи тақиқлаш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги”дан “Ядро синовларини ялпи тақиқлаш тўғрисидаги шартнома” тўғрисидаги қонунга ўзгартирилмоқда.
Москва “Ядро синовларини ялпи тақиқлаш тўғрисидаги шартномани” 2000 йилда ратификация қилган. Айрим мамлакатлар, жумладан, АҚШ ва Хитой ҳозиргача ратификация қилмаган. Бироқ ядро қуролиги эга давлатлар бундай синовларни ўтказмаслик тўғрисида ихтиёрий мажбуриятни ўз зиммасига олишган.
Кремлнинг маълум қилишича, Москванинг ДВЗЯИни ратификация қилишдан эҳтимолий воз кечиши бу ядро синовларини ўтказиш ниятлари борлигини англатмайди.