ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Тошкентда жойлашган савдо шохобчаларида сотилаётган яроқсиз қандолат маҳсулотлари расталардан олиб ташлади, дея хабар берди Рақобат қўмитаси.
Қайд этилишича, қўмитага истеъмолчи томонидан яроқсиз чиққан маҳсулот ҳақида мурожаат келиб тушган. Унга кўра, “East Star Sweet” МЧЖга тегишли бўлган “Медовая” пишириғининг таркиби бузилган.
“Истеъмолчи яроқсиз чиққан маҳсулотни кўтариб дўконга чиқди, сотувчига бундай маҳсулотлар инсон ҳаёти ва соғлиғига зиён етказиши мумкинлиги ҳақида айтди. Аммо уни мурожаатига сотувчи пинагини ҳам бузмади. Шундан сўнг истеъмолчи қўмитага 1159 ишонч телефони орқали шикоятини қолдирди”, — дейилади хабарда.
Рақобат қўмитаси томонидан мурожаат ўрганиб чиқилди. Ҳақиқатан ҳам унда келтирилган ҳолатлар ўз тасдиғини топди. Мазкур савдо дўконида шу турдаги ишлаб чиқарилган санаси кўрсатилмаган маҳсулотлар сотувда эканлиги аниқланди.
"Ўрганиш натижаларига кўра, қоидабузарликка йўл қўйган МЧЖ хўжалик юритувчи субъект томонидан камчиликлар ихтиёрий, белгиланган муддатда бартараф этилди. Дастлаб яроқлилик муддати ўтган барча қандолат маҳсулотлари савдо расталаридан олинди. Сўнг истеъмолчига таркиби бузилган маҳсулоти сифатли қандолат маҳсулотига алмаштириб берилди", — дея қўшимча қилинган хабарда.
Қонунчиликка кўра, сотувчиларга ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ёки яроқлилик муддати ўтган товарларни қабул қилиш ҳамда реализация қилиш ман этилади.