Гриппга қарши вакцина олиш қанчалик самарали — мутахассис жавоби

Ўзбекистонга Россиянинг гриппга қарши “Гриппол плюс” вакцинаси 2 млн 100 минг дозада олиб келинди.
Sputnik
Ўзбекистонда гриппга қарши эмлаш бошланди. Мазкур мавсумда кимлар эмланади? Гриппга қарши вакциналарнинг самарадорлиги қандай? Вакцинанинг ножўя таъсирлари йўқми? Шу ва бошқа саволларга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси эпидемиология бўлими бошлиғи Людмила Кудашева Sputnik мухбирига батафсил маълумот берди.

Мазкур мавсумда кимлар эмланади?

— Вакциналар хавф ости гуруҳи, яъни жамоатчилик билан ишлайдиган аҳоли қатлами: ўқитувчилар, тарбиячилар, тиббиёт ходимлари, меҳрибонлик ва саховат уйлари ходимлари ва у ерларда истиқомат қилувчи шахсларга бепул қилинади. Хусусан, президент қарорига асосан 2023 йилнинг август-сентябрь ойларида жами 2 миллион 100 минг доза гриппга қарши “Гриппол плюс” вакцинаси (Россия Федерацияси) олиб келинди. 150 минг 230 нафар мактабгача таълим ташкилотлари, 509 минг 443 нафар ўрта таълим мактаблари, 491 минг 837 нафар тиббиёт ходимлари ва 948 минг 490 нафар давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари гриппга қарши бепул марказлашган ҳолда эмланади.

Мазкур вакцинанинг хавфсизлик даражаси қандай? Ножўя таъсирлари йўқми?

— Россиянинг “Гриппол Плюс” вакцинаси Ўзбекистонда 10 йилдан ортиқ вақтдан бери қўлланилмоқда. Вакцина ишлатилган йиллар давомида ўз самарадорлигини исботлаган. Бу йилги эмлаш тадбирлари ҳам 25 сентябрдан бошланди. Вакцинани олиш ихтиёрий бўлишига қарамасдан, 16 октябрь ҳолатига 59,1% ходимлар эмланиб бўлган. Рақамларни келтирадиган бўлсам, 337 минг 532 нафар (68,6%) тиббиёт ходимлари, 109 минг 651 нафар (73,0%) мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари, 361 минг 316 нафар (70,9%) ўрта таълим мактаблари ходимлари ва 433 минг 83 нафар (45,7%) давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларини – жами 1 миллион 241 минг 582 нафар ходим гриппга қарши эмланди. Эмлашдан кейин кузатиладиган ножўя ҳолатлар рўйхатга олинмаган. Фойдаланишнинг бутун даври давомида эмлашдан кейинги асоратлар кузатилмаган.

“Гриппол Плюс” вакцинасини неча ёшдан қабул қилиш мумкин?

— Ушбу вакцина 6 ойликдан бошлаб болалар, ўсмирлар ва катталарда ёш чекловларисиз гриппнинг ўзига хос профилактикаси сифатида тавсия қилинади. Эмлаш ҳар йили куз-қиш даврида амалга оширилади. Грипп билан касалланишнинг эпидемик кўтарилишининг бошида эмлаш муҳим. 3 ёшдан ошган болалар, ўсмирлар ва катталар учун вакцина мушак ичига ёки чуқур тери остига елканинг ташқи юзасининг юқори учдан бир қисмига (делтоид мушак), кичикроқ болалар учун эса соннинг антеролатерал юзасига мушак ичига юборилади.

Гриппга қарши вакциналар самарадорлиги неча фоизни ташкил этади?

— “Гриппол Плюс” вакцинаси гриппнинг олдини олиш учун мўлжалланган. Вакцинанинг антигеник таркиби ҳар йили эпидемик вазият ва ЖССТ тавсияларига мувофиқ ўзгаради. Вакцина гриппга қарши юқори даражадаги ўзига хос иммунитетнинг шаклланишига олиб келади. Эмлашдан кейин ҳимоя таъсири (иммунитет), қоида тариқасида, 8-12 кундан кейин юзага келади ва 12 ойгача давом этади. Ўртача 80%. Турли ёшдаги одамларни эмлашдан кейин грипп вирусларига қарши антигенларнинг ҳимоя титрлари эмланган одамларнинг 75-95 фоизида аниқланади.

Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар борми?

— Ҳа, албатта. Оқсилга ва эмлаш компонентларига аллергик реакциялари мавжуд бўлган фуқароларга “Гриппол Плюс” вакцинасини олиш тақиқланади. Лекин соғлом одамларда ҳам оғриқ, тана ҳароратини кўтарилиши, ҳолсизлик кузатилиши мумкин. Бундан зинҳор чўчиш керак эмас, бегона оқсил организмга кирганда организм унга муносабат билдириши бу табиий ҳол.