ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Ўзбекистонда 2024 йил учун докторантура ва мустақил изланувчиликка ҳужжат қабул қилиш муддати узайтирилди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли топшириғи билан 2024 йил учун докторантура ва мустақил изланувчиликка ҳужжат қабул қилиш муддатлари 10 ноябрга қадар, кириш имтиҳонларини ташкил этиш 30 ноябрга қадар узайтирилди.
Илмий тадқиқот билан шуғулланувчиларнинг хорижий тилларни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатларни олиш учун Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан қўшимча тарзда жорий йилнинг 21-22 октябрь кунлари имтиҳон ўтказилади.
“2024 йил учун олий таълимдан кейинги таълимнинг барча шаклларига қабул ҳужжатлари жорий йил 10 ноябрига қадар (шу кун ҳам киради) қабул қилинади. Кириш имтиҳонлари эса 30 ноябрга қадар узайтирилганлигини маълум қиламиз”, — дейилади хабарда.
Маълумот учун, қабул ҳужжатлари олий таълим муассасаси ва илмий ташкилотлари масъуллари томонидан қабул қилинади ёки рад этилади. Ҳужжатлар белгиланган қабул муддатига қадар ташкилотлар томонидан қабул қилинган бўлиши лозим. Қабул муддати якунланганидан сўнг ҳужжатларни таҳрирлаш имкони мавжуд эмас.