Йўл қурилишига хусусий сектор жалб қилинади

1 январдан йўл қурилишига синов тариқасида хусусий сектор жалб қилинади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 окт — Sputnik. Ўзбекистонда йўл қурилишига хусусий сектор жалб қилинади. Бу 10 октябрь куни қабул қилинган "Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарорида кўзда тутилган.
Қарорга кўра, 2024 йил 1 январдан тажриба-синов тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда узунлиги 20 кмгача бўлган умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини эксплуатация қилиш ишларига аутсорсинг асосида хусусий сектор жалб қилинади.
2025 йил 1 январдан янгидан бошланадиган йўл-қурилиш объектларида лойиҳани муҳандислик бошқариш ва техник назорат қилиш ишлари аутсорсинг шартлари асосида Халқаро муҳандислар-консултантлар федерацияси (FIDIC) амалиёти ва ҳужжатларига мувофиқ мустақил ташкилотлар, шу жумладан, хусусий сектор томонидан амалга оширилади.
2024 йилдан хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун бюджет маблағлари фақат "Менинг йўлим" дастури орқали ажратилади.