ТОШКЕНТ, 16 окт — Sputnik. Кеча, 15 октябрь куни БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти бош котиби Зураб Пололикашвили Самарқандга келди. Бу ҳақда Туризм қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Юқори мартабали меҳмонни UNWTO Бош Ассамблеясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати Ташкилий қўмитаси раиси ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев кутиб олди.
Маълумот учун, Зураб Пололикашвили Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюрган. Жумладан, ўтган йилнинг 4–7 ноябрь кунлари Самарқандда “II Ўзбекистон иқтисодий форуми”да иштирок этиб, “Боқий шаҳар”, “Конигил” туризм қишлоғи, “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университети, Регистон мажмуаси, Амир Темур мақбараси ва Улуғбек мадрасаларини саёҳат қилган.
Шунингдек, Тошкентдаги ташрифи чоғида таниқли грузин ижодкори Шота Руставели ҳайкали пойига гул қўйиб, “Янги Ўзбекистон” боғи, “Амирсой” тоғ-чанғи курортининг туризм салоҳияти билан яқиндан танишган ҳамда “Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича янги ташаббуслар” мавзусида муҳокама йиғилишида қатнашган.
16–20 октябрь кунлари Самарқанддаги “Silk Road Samarkand” сайёҳлик мажмуасида БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси бўлиб ўтади.