ТОШКЕНТ, 16 окт — Sputnik. Ўзбекистон 2023 йилга бориб сайёҳлар оқимини 15 млн кишига етказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеяси 25-сессиясида сўзлаган нутқида маълум қилди, дея хабар берди Sputnik мухбири.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакатга келаётган хорижий сайёҳлар сони икки бараварга кўпайди, туризм экспортидан тушаётган даромад тўрт бараварга ўсди. Мисол учун, сайёҳлар сони бу йил Япониядан 5 бараварга, Ҳиндистон ва Италиядан 3,5 бараварга, АҚШдан икки бараварга ортди.
“Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда мамлакатимизга жами 7 миллион сайёҳ ташриф буюради. Ушбу кўрсаткични 2030 йилга бориб 15 миллионга, ички туризм оқимини эса 25 миллионга етказишни режа қиляпмиз”, - деди Мирзиёев.
Туризмни комплекс ривожлантириш бўйича 2023 йилгача бўлган стратегия ишлаб чиқилмоқда. Бу борада асосий йўналиш сифатида замонавий туризм ва транспорт инфратузилмасини яратишга устувор аҳамият бералади.
Тошкент-Самарқанд, Навоий-Бухоро йўналишларида яна 6 та тезюрар поездлар олиб келинади. 600 км қўшимча темир йўллар қурилади.
Президент 2025 йилдан Тошкент-Хива тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилиши, 2026 йилда эса бу йўналиш Нукус шаҳригача узайтирилишини таъкидлади. Шунингдек, Тошкент-Самарқанд, Тошкент-Андижон йўналишларида хусусий-шерикчилик асосида пулли автомагистраллар қурилади. Натижада ушбу йўналишларда манзилга етиб бориш вақти 2 бараварга қисқаради.
2023 йилга қадар яна 56 та замонавий авиалайнерлар олиб келинади ва авиапарклардаги самолётлар сони 100 тага етказилади.
Бундан ташқари, авиақатновлар сони 4 бараварга оширилади, барча аэропортларда “очиқ осмон” режими жорий қилинади. Ҳудудлардаги 6 та йирик аэропорт хусусий-шериклик асосида янгиланмоқда. Шунингдек, катта шаҳар ва сайёҳлар кўп борадиган манзилларда 30 йирик туризм кластери ташкил этилади.
Маданий туризм салоҳиятини оширишга ҳам катта эътибор қаратилади.
Ҳозирги вақтда мамлакатида 8 мингдан ортиқ маданий мерос объектлари мавжуд. ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига 200 дан зиёд моддий ва 6 та номоддий объектларимиз киритилган.
“Кўҳна тарих дурдоналари” миллий дастури доирасида туристларни ўзига жалб қиладиган маданий мерос объектлари сони 800 тадан 2,5 мингтага етказилади, 745 та маданий мерос объекти реставрация қилинади, 20 та меъморий ёдгорликда “очиқ осмон остидаги музей”лар ташкил этилади.
“Зиёрат туризми дастури доирасида саёҳатга келувчилар сонини ҳозиргидан уч баробар кўпроққа оширамиз. Ана шу эзгу мақсадда табаррук зиёрат масканларининг географияси кенгайтирилиб, уларнинг ягона харитаси яратилмоқда”, - деди давлат раҳбари.
Мирзиёев минтақа давлатлари билан қўшма сайёҳлик йўналишларини яратиш, Марказий Осиёда транспорт-логистика имкониятларини кенгайтириш, жумладан, “Бир тур – бутун минтақа” дастурини амалга ошириш мамлакат диққат марказида эканини урғулади.
“Мухтасар айтганда, тиббий, экологик, гастрономик, этно, экстремал ва бошқа туризм йўналишларини ривожлантириш бўйича олиб бораётган ишларимиз ҳисобидан келгусида камида 1 миллионта янги иш жойлари яратишни мақсад қилганмиз”, - деди Ўзбекистон етакчиси.