Самарқанд ва Нара префектураси ўртасида ҳамкорлик ривожлантирилади — тафсилотлар

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Япония ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, туризм, таълим, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 окт — Sputnik. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва Нара префектураси губернатори Макото Ямашита ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар бермоқда.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Япония ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, туризм, таълим, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Губернатор Макото Ямашита Нара ва Самарқанд шаҳарлари ўртасидаги алоқалар қадимий Ипак йўли давридан буён мавжудлигини қайд этди. Унинг айтишича, ҳозирги кунда ҳам Нара шаҳрида жойлашган қадимий "Тодайжи" ва "Хорюжи" буддизм ибодатхоналарида сўғдийлар маданиятини акс эттирган тарихий буюмлар сақланмоқда.
"Нара ва Самарқанд ҳудудлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини юқори баҳолайман. Жумладан, шу йил 1-2 июль кунлари Нара префектурасида ўтказилган "Самарқанд кунлари" фестивали префектура аҳолисида жуда катта таассурот қолдирди", - деди губернатор Макото Ямашита.
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, ўз навбатида, ҳудуднинг инвестициявий, сайёҳлик ва савдо соҳасидаги салоҳияти, вилоятда хорижий инвесторлар ва туристларга яратилган қулай шароит ва имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди, ҳамда ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклифларини илгари сурди.
Шунингдек, Самарқандда Нара префектураси билан ҳамкорликда қўшма тадбирлар ташкил қилиш, туризм йўналиши ва талабалар алмашинуви бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш томонлар учун манфаатли бўлиши таъкидланди.
Ўзбекистон элчиси Мухсинхўжа Абдураҳмонов ўз чиқишида 2021 йил 24 декабрь куни Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Нара префектураси ўртасида имзоланган дўстона муносабатлар тўғрисидаги шартнома асосида ҳудудлараро ҳамкорлик алоқалари ҳар томонлама ривожланиб бораётганини қайд этди.
Музокаралар якуни бўйича томонлар Нара префектураси раҳбарияти ва вакилларининг Ўзбекистонга ташрифларини ташкил этиш, Самарқанд шаҳрида "Нара кунлари" фестивалини уюштириш, талабалар алмашинувини йўлга қўйиш ва сайёҳлар учун Нара префектурасидан чартер рейсларни амалга ошириш масалаларини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришдилар.