Таржимаи ҳоли
У 1875 йилнинг 19 январида Самарқанд яқинидаги Бахшитепа қишлоғида муфтий оиласида дунёга келди. Отаси Беҳбудхўжа Солиҳхўжа ўғли туркистонлик, Аҳмад Яссавийнинг авлодларидан, она томонидан бобоси Ниёзхўжа урганчлик бўлиб, амир Шоҳмурод замонида (1780-1785 йиллар) Самарқандга келиб қолган.
Оиладаги муҳит ундаги маърифат ва адабиётга бўлган қизиқишнинг тезроқ рўёбга чиқишига имкон туғдирди. Беҳбудийнинг отаси ислом хуқуқшунослиги бўйича йирик мутахассис бўлиб, бу борада кўплаб китоб ва рисолалар яратган эди. Бу ўз навбатида Маҳмудхўжага таъсир ўтказмай қолмади. У кейинчалик бу ҳақда сўзлаб, ҳатто мақолаларидан бирида отаси ёзган “Ҳидоя” ("Ислом ҳуқуқига шарҳлар") асарининг ўз тақдирида катта роль ўйнаганини алоҳида қайд этган.
Фаолияти
Маҳмудхўжа Беҳбудий адабиёт, тарих фанлари қатори сиёсатшунослик билан ҳам жиддий шуғулланди. Газета ва журналлар орқали жаҳонда содир бўлаётган сиёсий воқеалар билан яқиндан танишиб борди. У Маккага бориш мақсадида араб тилини ўрганиб ислом тарихи ва назариясини билан шуғулланди. У 1899 йилда ҳажга борди ва муфтий унвонига эга бўлиб қайтди. Ҳаж баҳонасида Миср ва Истанбул шаҳарларида бўлди. Бу ерда давом этаётган ислоҳотлар сўзсиз унинг дунёқарашида бурилиш ясади. Сўнгра Қозон ва Уфа шаҳарларида бўлиб, Европа маданияти билан ҳам қизиқди. Ўша даврда Қозон ва Оренбургда чиқадиган араб имлосидаги журнал ва газеталар билан ҳамкорлик қилди. Унинг қатор мақолалари ҳам мазкур нашрларда чиқа бошлади. Мактаб, маориф ва маданият масалалари ҳамда маърифатпарварлик ғояларининг тарғиботи ушбу мақолаларнинг марказида турди.
Хусусан, қрим татар алломаси Исмоил Гаспирали (Гасперинский) ва у бош муҳаррир бўлган “Таржумон” газетаси М.Беҳбудийни буюк маърифатчи ва ўзбек миллий жадидчилик йўналишининг отаси даражасига кўтарди.
Беҳбудий дунёқарашида Россиядаги энг нуфузли бўлган кадетлар партияси аъзолари билан учрашув ва улар ҳаракатномаларининг таъсири ҳам катта бўлган.
У 1914 йилда яна Туркия, Мисрга бориб, у ердан муҳим китоблар, ўқув қўлланмаларини олиб келади, янги усулдаги мактаб дастури устида ишлашга киришади. Бироқ, у турли тўсиқларга учраб “жадидлар раҳнамоси”, “даҳрий” деб эълон қилинади. Шунга қарамай у татар мутаффакири Исмоил Гаспиралининг маърифатчилик борасидаги таълимотини қўллаб қувватлаб, ўз ўлкасига ҳам шундай ишларни амалга оширишга киришади ва кўп ўтмай маърифатпарвар сифатида ўз халқи ҳурматига сазовор бўлади. У бир қатор Шарқ ва Ғарб тиллари билан юксак маданият соҳиби бўлиши билан бирга, умуминсоний маданиятнинг толмас тарғиботчиси ҳам бўлган.
Албатта, Беҳбудийнинг халқ ўртасида ортиб бораётган обрў-эътибори нафақат амирлик раҳбарлари, балки болшевикларининг ҳам режа ва ниятларига зид эди. 1919 йилнинг 25 мартида Беҳбудий улар чақуви билан Шаҳрисабзда қўлга олиниб, сирли бир тусда Қаршида Саид Олимхон фармони билан қатл қилинди. Унинг қатли ҳақидаги хабар ўша пайтдаги пойтахт Самарқандга роса бир йилдан кейин хабар қилинади. 1920 йилнинг апрелида бутун Туркистон мотам тутди.
Садриддин Айний алломанинг фожиали вафоти муносабати билан бундай ёзган: “Жафокаш шоир Беҳбудийнинг номини мусулмон Шарқи ҳурмат билан тилга олади, чунки у 20 йил мобайнида ўзининг онги ва инсоний қадру қиммати билан барча мавжудотни эркин ҳаёт, нур ва маърифат учун курашга чорлаб келди”.
Беҳбудий – публицист
У 1912-1913 йилларда Беҳбудий Самарқандда “Самарқанд” газетаси, “Ойна” журналига асос солади. Шунингдек, Беҳбудий ўзбек ва форс тожик тилларида икки юздан ортиқ мақола ва асарлар яратган. Жумладан, “Рисолаи асбоби савод”(“Савод чиқариш китоби”, 1904), “Рисолаи жуғрофияи умроний”(“Аҳоли географиясига кириш”, 1905), “Мунтахаби жуғрофияи умумий” (“Қисқача умумий география”, 1903), “Китоб-ул-атфол” (“Болалар хати”, 1904), “Мухтараси тарихи ислом”-“Қисқача ислом тарихи”(1904). “Амалиёти ислом” (1905), “Русиянинг қисқача географияси” (1908) каби дарслик ва китоблар ёзган. Унинг 1901-йилдан бошлаб “Туркистон вилоятининг газети”, “Тараққий”, “Хуррият”, “Турон”, “Садои Туркистон”, “Нажот”, “Меҳнаткашлар товуши”, “Тирик сўз”, “Вақт”, “Самарқанд”, “Ойна” каби газета ва журналларда чоп этилган мақолалари эса тараққийпарвар кишилар ва айниқса, ёшларнинг диққат-эътиборини қозонган.
Беҳбудий - ёзувчи
Беҳбудий адиб сифатида “Падаркуш” драмасини яратган. 1913 йилда Самарқанд шаҳрида нашр этилган бу драмада у ёшларнинг (улар хоҳ камбағал, хоҳ бадавлат оилага мансуб бўлсин) илмли, маданиятли бўлишлари лозимлигини қайд этган.
М.Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси 1911 йилда ёзилган бўлиб, дастлаб 1912 йилда “Турон” газетасида босилган. 1911 йилга келиб китоб ҳолида чоп этилган. Шундан сўнг тез фурсатда Самарқанд, Бухоро ва Тошкент театри саҳналарида ижро этилган. Драма композицион қурилишига кўра оддий бўлган ҳолда мазмун-ғоя жиҳатдан анча қамровлидир. Хусусан, ундаги характер ва шакл-шамоил мазкур жанр талабларига анча мос эди. Драмадаги қаҳрамонлар эса икки қутбда икки хил ҳаракат билан яшайдилар. Бир томонда бой, ўғли ва унинг гумашталари бўлса, иккинчи томонда домла, зиёли образлар асар ғоясини очишда муҳим ўрин эгаллайди.
Ўзбек драматургиясига, умуман, театрига пойдевор қўйган бу асар ўз даврида Абдулла Қодирийнинг “Бахтсиз куёв” драмаси , Мирмуҳсин Фикрийнинг “Бефарзанд Очилдибой”, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг “Янги саодат” каби қиссаларининг яратилишига туртки берган.
Улуғ мутафаккирнинг халқимиз олдидаги хизматлари эътиборсиз қолмаган, албатта. Қарши шаҳри 1926-1937 йилларда Беҳбудий номи билан аталган. 1977 йили алломанинг “Сайланма” асарлари чоп этилди. Асарлари дарслик ва қўлланмаларга киритилиб, Тошкент ва Самарқанд шаҳридаги мактаб, кўча ва маҳаллалар унинг номига қўйилди. Буюк маърифатпарвар шарафига 2006 йил Самарқанд шаҳрида ёдгорлик ўрнатилган. Ҳаттоки, Тожикистон Республикасининг Хўжанд шаҳридаги гимназия Беҳбудий номи билан аталади. 2020 йил Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни арафасида Беҳбудий ҳаётига бағишланган фильм премьераси бўлиб ўтди. Хозирги кунда аллома қолдирган бой ва ранг-баранг адабий, маданий ва маърифий мерос ўз халқининг истиқлолига хизмат этмоқда.